АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган кўплаб терма жамоалар кучли жазирама туфайли захира футболчиларига учрашувларни кийиниш хонасидан кузатишга рухсат бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Х ижтимоий тармоғида The Touchline нашри хабар бермоқда.
Манбанинг берган маълумотларига кўра, агар ушбу тизимга рухсат берилса, мураббий ёрдамчиси захира ўриндиғидан кийиниш хонасига боради ва жамоа алмаштиришни амалга оширмоқчи бўлганида футболчиларни чигалёзди машқларига юборади. Аввалроқ, ФИФА футболчилар сув ичиб олишлари учун ҳакамларга ҳар бир бўлим ўртасида ўйинда икки мартадан танаффус эълон қилишни мажбурий қилиб қўйган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионати пайшанба куни, 11 июндан старт олади. Турнирнинг очилиш учрашувида мезбонлардан бири — Мексика терма жамоаси Жанубий Африка Республикасига (ЖАР) қарши майдонга тушади.













