Испания терма жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуэнте вингер Ламин Ямалнинг соғлиғи борасидаги сўнгги маълумотлар билан ўртоқлашди. Футболчи айни пайтда сон орқа мушагидаги жароҳатдан сўнг тикланиш жараёнини ўтамоқда.
«У жуда тез ривожланмоқда ва тикланиш режасидан илгариламоқда. Менимча, у [Жаҳон чемпионатидаги] илк учрашувдаёқ майдонга туша олади, аммо бу уни албатта ўйинга туширишимизни англатмайди. Биз вазиятга баҳо берамиз ва унга майдонда бир оз вақт бериш керакми, ушбу ўйинни ўтказиб юбориши лозимми ёки иккинчи учрашувни кутиш тўғрироқми — бир қарорга келамиз», — дея де ла Фуэнтенинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда The Guardian.
Испанияликлар устози, шунингдек, Ямалнинг иқтидори унга жамоатчиликнинг улкан эътиборини енгиб ўтишга ёрдам беришини таъкидлади.
«Ламин айнан шунинг учун туғилган. Унинг характери жуда жасур. Балки бундай босим сизни ёки мени синдириб қўйган бўларди, лекин бу йигитлар бўлакча. Бунинг учун шунчаки яхши футболчи бўлиш кифоя қилмайди, яна минглаб бошқа фазилатларга эга бўлиш лозим. 16 ёшида у Европа чемпионатида ўйнаган бўлса, ҳозир ёши 18 да ва у ОАВ томонидан бўлаётган ақл бовар қилмас босимга дош бериб, жуда кам хатога йўл қўймоқда.
Даҳо футболчилар бор ва Худо назари тушган футболчилар бор. Бундайлар бармоқ билан санарли. Ламин, Месси», — дея хулоса қилди Испания терма жамоаси устози.
Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Испания терма жамоаси Уругвай, Саудия Арабистони ва Кабо-Верде билан тўқнаш келади.













