«Сассуоло» клуби Фабио Гроссо ўрнига Альберто Аквиланини жамоанинг янги бош мураббийи этиб тайинлашини эълон қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Журналист Жанлука Ди Марцио сайтининг хабар беришича, томонлар ҳамкорлик шартларини аллақачон тўлиқ келишиб олишган.
2025/26 йилги мавсум ўз вақтида Италия терма жамоаси ва «Рома» клуби футболчиси сифатида танилган 41 ёшли мутахассис учун анча муваффақиятли кечди: у «Катандзаро» клубини бошқариб, А Серияга чиқишга жуда яқин келган эди, бироқ жамоа плей-офф финалида тўхтади. Мураббийга бир йўла бир нечта клублар, жумладан, «Сассуоло» ва «Торино» қизиқиш билдирган эди.
Расмий шартнома имзоланиши шу ҳафтадаёқ бўлиб ўтиши ва шундан сўнг Аквилани жамоа билан иш бошлаши кутилмоқда.













