Инглиз футболи афсоналари Жон Терри ва Иан Райт Жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувида Мексикага қарши майдонга тушган ЖАР терма жамоасининг ўйинига баҳо беришди. Мазкур баҳсда мексикаликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
«Қизил карточка туфайли иккита мажбурий ўзгартиришни амалга оширишга мажбур бўлдингиз. Лайл Фостер ҳам учрашувни ёмон бошлади, бу яна бир ўзгартиришга сабаб бўлиши мумкин эди. Менимча, мураббийингиз умуман бошқа ўйинни томоша қилгандек. Бу жуда ёмон ўйин бўлди, тан олиш керак», — дея Террининг сўзларини келтиради SuperSport нашри.
Иан Райт эса жамоанинг тактик ўзгаришлари ҳақида фикр билдирди: «Улар тизимни ўзгартиришди. Тўғри, улар турнирдан олдин ҳам яхши ўйин кўрсатишаётгани йўқ эди, аммо 4-3-3 тактикасидан 3-5-2 га ўтилганидан кейин, майдонда нима қилишаётганини ўзлари ҳам тушунмаётгани яққол кўриниб қолди. Улар ўз ёндашувларини қайта кўриб чиқишларига тўғри келади. ЖАР футболчилари жуда ёмон ва пала-партиш ҳаракат қилишди. Уларнинг ватанида бу ўйинни асло илиқ кутиб олишмайди».
Гуруҳ босқичи якунига қадар ЖАР терма жамоаси Чехия ва Жанубий Кореяга қарши майдонга тушади.













