Андрей Фёдоров ҳозирда Россиянинг "Рубин" клуби селекция хизмати бошлиғи сифатида фаолият олиб боради. Ушбу вазифаси орқали у бир қатор ўзбекистонлик футболчиларни ҳам кузатиб юрганидан мухлисларнинг хабари бор. "Бизнес Онлайн" газетаси таҳририяти ҳамюртимиз билан суҳбатлашишга қарор қилди.
"ЁШЛИГИМДА ЗАВОДНИНГ СПОРТ ТЎГАРАГИ РАҲБАРИ БЎЛГАНМАН"
— Мен Ўзбекистондаги Марғилон станцияси туғилганман ва 13 ёшгача ўша ерда яшаганман. Бу шаҳар ҳам эмас, шу ном билан аталувчи аҳоли пункти яқинида жойлашган темирйўл станцияси эди. Табиийки, ҳеч қандай профессионал футбол ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди. Лекин 7 ёшимдан бошлаб мактаб қошидаги футбол тўгарагига қатнай бошланганман. Умуман олганда эса "кўча" футболи бор эди. Биз асфальт майдонда олтига олти футбол ўйнардик. Кейинчалик ота-онам Марғилондан уй сотиб олишган ва биз у ерга кўчиб ўтгандик. Мен эса у ердаги футбол клуби қошидаги футбол мактабига қатнай бошланганман. Кунларнинг бирида биз Марғилондаги БЎСМ жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказганмиз ҳамда ушбу мактаб мураббийи мени ва икки нафар шеригимни БЎСМга таклиф қилган. Марғилонда иккита БЎСМ бўлишига қарамай, ҳаттоки иттифоқнинг иккинчи лигаси доирасида иштирок этадиган жамоа йўқ эди. Марғилондаги клуб Ўзбекистон чемпионатида иштирок этарди.
14 ёшимдан бошлаб эса ўзимдан катта ёшдаги фуболчилар ўйнайдиган жамоаларга таклиф этилдим. У ерда вилоят миқёсидаги мусобақаларда иштирок этдик. Тез орада эса завод жамоасидан таклиф олдим. У ерда асосий таркибдан ташқари ўринбосарлар жамоасига ўхшаш жамоа бор эди. Биз ўйинларга бирга ташриф буюрардик ва бир кунда ўйинларда иштирок этардик — аввал биз, кейин катталар. Регламентга кўра эса, агар ёш футболчи бирданига 2та таркибда ўйнайдиган бўлса, унинг умумий ўйин вақти 90 дақиқадан ошиб кетмаслиги керак эди.
—Жамоаларда "ўқланган" футболчилар бўлмасмиди?
— Агар раҳбарлардан бири олдимизга вазифа қўядиган бўлса, сафимизга ташкилот номига расмийлаштирилган, аммо ишдан озод қилинган футболчиларни қўшиб олардик. Таркибимизда эса ҳақиқий ишчилар тўп суришарди. Улар ҳар доим ҳам ишдан кейин ўйинга ўз вақтида етиб кела олишмасди. 16 ёшимдан бошлаб эса мени заводнинг асосий жамоаси таркибида ўйната бошлашди. Шу билан бирга мени заводнинг спорт тўгарагига раҳбар сифатида ярим ставкага ишга қабул қилишди. Мен завод ишчилари учун турли спорт мусобақаларини ташкил этишим лозим эди. Эрталаб ўзим ёлғиз югурардим, кечаси эса заводнинг футбол жамоаси билан биргаликда шуғулланардим. Тўғри, бу ҳолат узоқ давом этмади. Атиги сентябрдан декабргача. 1988 йилнинг январь ойидан бошлаб эса мени Қўқон шаҳрининг "Автомобилист" жамоаси йиғинига таклиф қилишди. Бу жамоа Иттифоқ чемпионатининг иккинчи лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди.
— Андрей, ўша йиллари Андижондан ташриф буюриб, "Спартак" номли оёқ кийим корхонасида ишлайдиган киши билан гаплашгандим. У ўзининг она шаҳрида "Спартак" номли клуб борлигини билмасди. Лекин Тошкентга ташриф буюриб, бутун мамлакатнинг севимли жамоаси бўлган "Пахтакор" ўйинларига кирганини, 70 минглик стадион мухлислар билан тўлиб-тошганини гапириб берганди. Ўзбекистоннинг вилоятларидаги стадионлар мухлислар билан тўлармиди?
— Ҳа, албатта. Стадионлар унчалик катта бўлмаса-да (10-15 минг кишилик) лекин маҳаллий жамоаларга қизиқиш юқори эди. Боз устига, Иккинчи лигадаги бизнинг минтақа Марказий Осиё чемпионатига ўхшаб кетарди. Унда ўзбек клубларидан ташқари Қириғизистон, Тожикистон ва Туркманистон клубларида ўйнашарди. Кейинчалик эса Иттифоқ тарқаб кетганидан кейин эса янги ўтказила бошланган Ўзбекистон чемпионатига шўнғиб кетганман.
— Иттифоқ чемпионати иккинчи лигасидаги ҳакамликни ҳозир ҳам эслаб юришади. У ердаги қоидалар умумий қоидалардан фарқ қилган экан.
— Нима ҳақида гапираётганингизни тушуниб турибман. Лекин бизнинг минтақа вакиллари "ҳакамлар билан ишлаш"га унчалик аҳамият қаратишмасди. Бу асосан Кавказорти мамлакатларига тегишли муаммо эди. Шахсан ўзим бир марта "ўқланган" ҳакамлик муаммо билан тўқнаш келганман. Биз ўшанда ҳозирда Озарбойжонга тўғри келадиган Кахичевани шаҳрида ўйнагандик. Ўша ўйинга қанот ҳакамлар келмаганди. Қанот ҳаками вазифасини маҳаллий жамоа администратори бажарганди. У ҳаттоки у ўз клуби формасини ҳам ечмаганди. Мезбон жамоа вакиллари бош ҳакамни бегона кўзлардан пана жойга олиб кетишган. Натижа ўша ўйиндаги ҳакамлик ғалати бўлганди. Бизни ҳуштакка “ўтқазиб” қўйишган. Ҳеч нарса ёрдам бермаганидан кейин эса сўнгги дақиқада дарвозамизга пенальти белгиланганди. Бундай вазиятдан руҳан синиб қолмаслигим учун мураббий мени майдонга туширмаганди. Умуман олганда, бизни маҳаллий муҳитдан асраш мақсадида мураббийлар майдонда шуғулланишимизга ҳам рухсат беришмаган, кийиниш хонасига киритиб қўйишган.
Дарвоқе, мен бу ўйинни Фарғонанинг "Нефтчи" клуби сафида ўтказгандим. Ўша пайтда бу клуб ўша пайтда Иккинчи лигадаги ўзбек футболининг байроқдори эди. Қўқон жамоаси фарғоналиклар билан ўртоқлик учрашувини ўтказганди. Ўзига хос дерби, боиси шаҳарлар орасидаги масофа бор-йўғи 80 км эди. Ушбу ўйиндан кейин мени "Нефтчи"га таклиф қилишди ва мен дарҳол асосий таркибга қўшилиб кетгандим. Ўша пайтда фарғоналикларнинг ярим ҳимоячилари кетма-кет жароҳат олишганди ва мураббийи мени асосий таркибда ўйинга тушира бошлаганди. Мен эса у пайтда ярим ҳимояда ўйнардим.
"МОСКВАДА АВТОПАРК ЖАМОАСИДА ЎЙНАГАНМАН"
— Фарғона жамоасини машҳур Юрий Саркисян бошқарармиди?
— Ҳа, у футболчиликни энди-энди якунлаб, мураббийликни бошлаётган пайт эди. Адашмасам, у Фарғонада 28 йил ишлади. Фақат ушбу мавсумда уни ишдан бўшатишди. Саркисян собиқ Иттифоқ ҳудуди узоқ муддат ишлаш бўйича рекордни ўрнатган бўлса керак.
— Марказий Осиёда ҳакамлик мавзусини давом эттирган ҳолда сизга савол: Домлажонов фамилияли футбол ҳаками ҳақида эшитганмисиз?
— Йўқ, эшитмаганман.
—Манбаларнинг тасдиқлашича, айнан ушбу ҳакам туфайли сиз дисквалификацияга учраган экансиз.
— Ҳа, эсладим. Бу Осиё чемпионлар кубоги баҳсида рўй берганди. Биз Қозоғистон клуби билан ўйнагандик. Ўша пайтларда бу мамлакат ҳали Осиё минтақасида ўйнарди, ҳозиргидек Европада эмас. Ўша пайтда менга Россиядан таклиф бор эди. Мавсум сўнгида мен ЦСКАга ўтишим лозим эди. Қозоқлар билан ўйинда ҳакам ўйин давомида бизнинг икки нафар футболчимизни майдондан четлатди ва сардорлик боғичи менга ўтганди. Жамоа сардорининг мажбурияти сифатида ўйиндан кейин мен ҳакамнинг олдига миннатдорчилик билдириш учун бордим. Унинг ўзи эса: "Мен сизларни ўлдирмадимку!", деди. Мен эса, билмадим менга нима бўлганди, қизишиб кетдим ва ҳакамни туртдим. Ўйиндан видеотрансляция йўқ эди. Менинг ҳаракатларим эса ўйин назоратчиси томонидан учрашув қайдномасига киритилди. Шундан кейин мен Фарғонанинг "Нефтчи" жамоаси таркибида бир нечта ўйинлар ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида Нигерияга қарши битта Қитъалараро кубок баҳсида иштирок этдим. Шундан кейин Москвага жўнаб кетдим ва ўша ерда менга икки йиллик дисквалификация хабарини етказишди. Ушбу хабарни менга армиячиларнинг ўша пайтдаги мураббийи Александр Тарханов афсус билан етказганди.
— Кейин-чи?
— Ҳарбийлар менинг дисквалификациямни қисқартириш ўйича аппеляция беришди. Лекин бу футбол қоидалари бўйича тўғри эмасди. Бу ишни аслида менинг аввалги жамоам қилиши керак эди. Мен ҳеч бир жамоада ўйнашга ҳақли эмасдим. Бу пайтда эса оиламни Москвага олиб келишга улгургандим. Армиячиларнинг асосий таркиби билан шуғулланишда давом этдим. Формамни ушлаб туриш мақсадида Москвадаги 15-автобус паркининг жамоасини топдим. Бу жамоани Свердловскнинг "Уралмаш" клуби собиқ ҳимоячиси Виктор Шишкин шуғуллантирарди. Кейин менинг дисквалификациям муддатини бир йилга қисқартиришди. Лекин мен "Нефтчи"да яна бир йил ўйнаб беришим керак эди. Шунинг учун 1997 йилги мавсумда яна Фарғонага қайтдим ва у ердан кейинчалик Владикавказнинг "Алания"сига ўтдим.
— Бундан 20 йил аввал Осиёнинг энг кучли жамоасига айланган Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида гапириб берсангиз.
— Жамоамиз асосан иттифоқ чемпионатида тажриба тўплаган футболчилардан ташкил топганди. Баъзи футболчилар Россия фуқаролигини қабул қилиб, Россияга кўчиб ўтишди. Булар — Андрей Пятницкий, Валерий Кечинов. Шунингдек, Россия чемпионатида Денисов, Қосимов каби футболчилар ўйнай бошлашганди. Умуман олганда терма жамоа Ўзбекистон чемпионатида ўйнайдиган футболчилар ва кам сонли узоқ хорижда ўйнайдиган легионерлар, масалан, Игорь Шквириндан тузилганди. Шунингдек, иттифоқ чемпионатининг сўнгги йилларида ўйнашга улгуриб қолган мен ва Февзи Давлетов (у ҳам кейинчалик "Рубин"да ўйнаган) каби футболчилар ҳам бор эди. Анча йил давомида таркибимиз кучли эди. Афсуски, кейинчалик ёшлар бизнинг даражамизга чиқа олишмади ва терма жамоа ўз даражасини пасайтириб юборди. Лекин сўнгги йилларда терма жамоа ўз обрўсини яна тикламоқда. Бу ерда ҳам ҳакам мавзусини тилга олмай иложимиз йўқ. Баҳрайн билан ўйиндаги ҳакамнинг қўпол хатоси бизни қитъалараро плей-оффдан маҳрум қилганди. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларига эса Ўзбекистон кетма-кет 2 мартадан чиқишга муваффақ бўлди. "Пахтакор", "Бунёдкор" сафида ўйнаётган ва Осиёнинг кучли чемпионатига йўл олаётган яхши футболчилар пайдо бўди. Масалан, ўша Одил Аҳмедов. У аввалроқ "Рубин"да пайдо бўлиши мумкин эди.
Афсуски, Ватанимда шундай даврлар бўлганки, ёш истиқболли футболчиларга кучли чемпионатларга ўтиш учун имкон бермай, уларни ўсишдан тўхтатиб қўйишган. Бу Ўзбекистон кучли футболчиларнинг камайиб кетгани билан боғлиқ бўлиб, мураббийлар кучли ўйинчиларни жон-жаҳдлари билан ушлаб туришга уринишарди. Ҳозир эса Ўзбекистонда бу муаммо ҳал этилган. Жамоа етакчилари бошқа чемпионатга ўтиб кетишса, уларнинг ўрнини тўлдирадиган ёшлар бор.
"РУБИН"ГА КЕЛИШИМ КУТИЛМАГАНДА ЮЗ БЕРГАНДИ"
— Интервью давомида ўзимизнинг "Рубин" ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчи эдим.
— "Рубин"га ўтишим кутилмаганда юз берганди. 2000 йилги мавсумда мен Килининграднинг "Балтика"сидан "Шинник"ка ўтишим керак эди ва бу жамоадан қўнғироқ бўлишини кутаётгандим. Бу пайтда Москвада яшаётгандим ва ҳаваскорлар билан ўйинларда спорт формамни ушлаб турардим. Ўғлимнинг чўқинтирган отаси менга шундай қилишни тавсия қилганди. Биз у билан фаолиятимни қаерда давом эттириш ҳақида маслаҳатлашиб турардик. Бу нарса ўша ҳаваскорлар билан ўйинлар пайтида ҳам давом этарди. Буни бошқалар ҳам эшитарди. Мени "Шинник" чақираётгани, аммо ҳалигача қўнғироқ қилишмаётгани ҳақида айтиб ўтдим. Орадан маълум вақт ўтса-да, Ярославлдан қўнғироқ бўлмади. Мен бу ҳақда ўғлимнинг чўқинтирган отасига айтганимда, кийиниш хонасида бу ҳақда муҳокама бошланди. Ўшанда кимдир яқинда "Рубин"га ўзининг яхши таниши бўлган Виктор Антихович бош мураббий бўлиб келиши ҳақида гапирди. Бу мураббий ўз танишларига маълум позицияларга футболчилар кераклиги ҳақида айтган экан. У пайтда ҳозиргидек агентлар билан ишлаш тизими йўлга қўйилмаганди. У Антихович билан гаплашди ва мураббий "Рубин"га тайинланиш масаласи ҳал бўлиши билан мен билан боғлинишини айтди. Шундай бўлиб ҳам чиқди. Натижада янги йил байрамидан кейин Қозонга келдим. Жамоа базасига келдим...
— Эски бино, битта этаж учун битта ҳожатхона эканини кўриб, хато қилганингизни тушуниб етганмидингиз?
— Йўқ. Мен ўзимни тантиқ киши сифатида билмайман. Виктор Петрович билан гаплашдим. У мендан "Тайёрмисан?", еб сўради. Мен унга ўртоқлик ўйинларида формамни ушлаб турганимни айтдим. У эса: "Жуда яхши, бугун "Нефтехимик" билан ўртоқлик ўйинида майдонга чиқасан", деди. Нижнекамск шаҳри жамоаси билан ўйинда Антихович яна қайсидир футболчини кўрикдан ўтказмоқчи бўлганди. Мен ўйнадим, ҳаттоки гол урдим, лекин иккинчи бўлим бошидаёқ оёғимни зўрға судрардим. Ўйиннинг ўз эса захира майдонда, қор устида ўтганди. Майдон чизиқлари эса кўк рангли бўёқ билан чизиб чиқилганди. Ўйиним Антиховичга ёқди ва орадан бир кун ўтиб жамоа билан Туркиядаги йиғинга жўнаб кетдим.
— Кейин эса Антихович учун муваффақиятли кечган дастлабки мавсумда жамоа Биринчи лигада 3-ўринни эгаллади.
— Ҳа, шундай. Умуман олганда, иккинчи ўринни эгаллаб, Олий лигага чиқиш учун имкониятимиз бор эди. Лекин Ярославль ва Смоленск шаҳарларида бўлиб ўтган 2та сафар ўйинларида ютқазиб қўйиб, бу имкониятни бой бергандик. Ярославлдаги ўйинда иштирок этгандим, аммо терма жамоадан чақирув олганим учун Смоленскдаги ўйинга бормагандим.
— Смоленскни эса ўша пайтда Қурбон Бердиев бошқарарди...
— Бу ҳақда ҳозир ўйладим. Дарвоқе, биз ўшанда чизиқли ҳимоя билан ўйнаётган жамоа билан илк марта тўқнаш келгандик. Биринчи дивизионнинг барча жамоалари сўнгги ҳимоячи билан ўйнашарди. Смоленскнинг "Кристалл" жамоаси билан йиғин пайтида назорат учрашувини ўтказиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Кейин уларни чемпионат баҳси доирасида қабул қилдик ва яна йирик ҳисобда ғалаба қозондик. Эсимда бор, Бердиев қайсидир ОАВга интервью бериб, ўзи дуч келган рақиблар орасида бизнинг ўйинимиз энг яхшиси эканини таъкидлаганди. Смоленскдан ташқари Саратовнинг "Сокол" ва "Торпедо-Металлург" жамоалари ҳам чизиқли ҳимояга ўтишганди. Биз эса либеро билан ўйнардик ва мен бошқа ҳимоячиларга нисбатан жуда яқин ўйнардим. Ташқаридан қараганда, "Рубин" ҳам янги тизимда ўйнаётгандек таассурот уйғотарди. Эсимда бор, Москванинг "Торпедо-ЗИЛ" жамоасига қарши ўйинда журналистлардан бири "биринчи марта либеросиз ўйин услубини жорий қилган икки жамоа тўқнаш келди", деб ёзганди.
— Кейинги мавсумда "Рубин"га нима бўлганди?
— Ўйинчи сифатида буни муҳокама қилиш менга ноқулай. Лекин, ўйлашимча, Антихович мавсумлар оралиғида жамоани футболчилар ҳисобига эмас, "ном"лар эвазига кучайтиришга ҳаракат қилди. Улар жамоа олдига қўйилган вазифаларни бажаришга муносиб эмасди. Ўша мавсумда эса мен кам ўйнадим.
— Шарт-шароити бўйича яхши жамоа топиш ҳақида ўйлаб кўрмаганмидингиз?
— Йўқ. Тўғри, биз ойлик маош бўйича етакчилар қаторида эмасдик, аммо маошни барқарор олиб турардик. Менга маълум бўлишича, сўнгги йилларда "Рубин"ни маош борасидаги алдовлар туфайли ҳеч ким тарк этмаганди.
"ЮТУҚЛАРДАН ЭСАНКИРАДИМ"
— "Рубин"нинг 2003 йили чемпионатда бронза медалларини қўлга киритгани ҳақида алоҳида материал тайёрлаймиз. Ҳозир сўрамоқчи бўлганимиз: 2004 йилги мавсумда сиз мавсумни омадсиз ўтказиб, ўз шаънингизга доғ туширгандингиз.
— Қўшиламан. Нима учун бундай бўлганди? Мен ўша пайтда берган интервьюларимдан бирида бундай мазмундаги саволга жавоб берарканман, жамоадаги бир футболчи ўзига бўлган талабни пасайтириб юборганини айтдим. Кимни назарда тутганимни эса айтмагандим. Менинг ушбу гапимга фақат легионерлар хафа бўлишганди. Кейинчалик менга: "Нега бундай дединг?", дейишганди. Мен уларга жавобан: "Айтингларчи, мен ноҳақманми?", дегандим. Мен анчадан бери "Рубин"да ўйнайман ва мен жамоага бефарқ эмасман. Сезишимча, бўшашмаган бўлсакда, ўз вазифамизга бепарво муносабатда бўла бошладик. Аввал тасаввур қилиш мумкин бўлмаган хатоларга йўл қўя бошладик.
— "Рубин" Премьер-лига ўйинларининг сўнгги дақиқаларини қандай ўтказиши ҳақида материал тайёрлагандим. 2003 йилги мавсумда ўйиннинг сўнгги дақиқаларида "Спартак"ни 1:0, ЦСКАни 3:2 ҳисобида мағлуб этган бўлсак, "Локомотив" билан кечган супермуҳим ўйинда 1:1 ҳисобидаги дурангга эришгандик. Орадан бир йил ўтиб эса мавсум сўнгидаги ўйинларнинг сўнгги дақиқаларида ғалабани қўлдан чиқариб, 4 очко йўқотгандик.
— Ҳа, мана менинг сўзларимнинг ҳужжатли исботи. Биз концентрацияни йўқотгандик. Айниқса, "Рапид" билан Қозондаги ўйинни эслаш ёқимсиз. УЕФА кубогидаги дебют ўйинимизда сафарда 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, уйда 0:3 ҳисобида имкониятни бой бергандик. Қанчадан-қанча вазиятларни кўкка совургандик. Бу шунчаки даҳшат. Домингес, Бояринцев... Ўшанда бўш ўйнагандик. Бу пайтга келиб мен жамоанинг энг тажрибали футболчиси эдим, етакчиликни ўз қўлимга олишим керак эди, аммо ўша мавсумда барчадан кам ўйнагандим. Захира ўриндиғида ўтирганингда сенинг сўзларингни ҳеч ким жиддий қабул қилмайди...
— Сўнгги савол. Ҳимоячи сифатида сиз учун кимга қарши ўйнаш энг қийин бўлган?
— ЦСКАнинг бразилиялик жуфтлиги Вагнер Лав ва Жога қарши. Ҳар иккиси ҳам турли типдаги футболчилар. Улар доимо ўз жойларини ўзгартириб турадиган ҳужумчилар жуфтлиги эди. Биз эса зоналар бўйича ўйнардик ва ҳамиша таъқиб қиладиган футболчиларимизни ўзгартиришимизга тўғри келарди. Мана шундай ҳужумчилар дуэти ҳимоя чизиғи вакиллари учун энг ноқулайидир.