«Осасуна» клубининг 22 ёшли вингери Виктор Муньос Англиянинг «Ньюкасл» клубига ўтмоқда. Бу ҳақда Diario AS нашри хабар бермоқда.
Муньоснинг шартномасида 40 миллион евро миқдорида товон пули белгилаб қўйилганига қарамай, ушбу харид «Ньюкасл»га 30 миллион евро ва бунга қўшимча равишда испаниялик футболчининг шахсий ютуқларига боғлиқ бўлган бонуслар эвазига тушади. Манбанинг маълум қилишича, келишув энг қисқа вақт ичида якунланиши мумкин.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, трансфер суммасининг 50 фоизи Мадриднинг «Реал» клубига тегади. «Қироллик клуби» ўтган ёзда Муньосни «Осасуна»га 5 миллион евро эвазига сотган эди.
Якунланган мавсумда Муньос барча мусобақаларни инобатга олган ҳолда жами 36 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини етти бор ишғол қилди ва бешта голли узатма муаллифига айланди.













