Шотландия терма жамоаси сардори Эндрю Робертсон 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи доирасида Гаити миллий терма жамоаси устидан қозонилган ғалаба (1:0) ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.
Баҳс 14 июнь куни АҚШнинг Фоксборо шаҳрида бўлиб ўтди ва шотландларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Учрашувдаги ягона голни ярим ҳимоячи Жон Макгинн киритди.
«Ажойиб туйғу. Йигитлар ўз орзуларини амалга оширишди. Майдонга тушиб, миллий мадҳиямизни биргаликда куйлаганимиз — бу мутлақо ўзгача лаҳза бўлди. Кейин эса ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик ва бу ундан ҳам аъло бўлди. Энг муҳими, гол урганимиздан сўнг дарвозамиздан тўп ўтказиб юборадигандек таассурот уйғонмади. Бунда ҳимояланган ҳар бир футболчининг ҳиссаси бор. Биз мудофаада жуда яхши ҳаракат қилдик, 1:0 ҳисобида олдинда бораётган пайтда бу жуда зарур ҳисобланади», — дея Робертсоннинг сўзларини келтиради ВВC нашри.
Шотландия терма жамоаси 1998 йилдан буён илк бор Жаҳон чемпионатининг финал босқичидаги ўзининг биринчи учрашувини ўтказди. Иккинчи турда шотландлар 20 июнь куни Марокаш билан ўйнашса, учинчи турда, 25 июнь куни Бразилияга қарши майдонга тушишади.













