«Барселона» клуби ҳимоячиси Рональд Араухо фаолиятини Италия чемпионатида давом эттириши мумкин.
Corriere dello Sport нашрининг берган маълумотларига кўра, уругвайлик футболчининг трансферига Миланнинг «Интер» клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда. Миланликлар Жаҳон чемпионати якунига етганидан сўнг футболчининг трансфери бўйича расмий таклиф юборишни режалаштиришмоқда. Ҳозирча «кўк-анорранглилар»нинг Араухо борасидаги позицияси номаълумлигича қолмоқда.
Рональд Араухо 2018 йилда «Бостон Ривер» жамоасидан 4 миллион евро эвазига «Барселона»га ўтган эди. Унинг каталонияликлар билан амалдаги шартномаси 2031 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган. Ортда қолган 2025/26 йилги мавсумда ҳимоячи «Барселона» сафида барча мусобақаларда жами 38 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол уришга муваффақ бўлди. Transfermarkt портали Араухонинг айни пайтдаги трансфер баҳосини 20 миллион еврога баҳоламоқда.













