Венгриялик ярим ҳимоячи Доминик Собослаи ёзги трансфер ойнасида «Ливерпуль»ни тарк этмайди. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар бермоқда.
Манбанинг берган маълумотларига кўра, бошқа клублар томонидан бўлаётган қизиқишларга ва жамоа ярим ҳимоясида кутилаётган катта ўзгаришларга қарамай, мерсисайдликлар 25 ёшли футболчини сотиб юбориш фикридан йироқ.
Маълум бўлишича, «Реал», «Барселона», «Бавария» ва «ПСЖ» клублари Собослаини «Ливерпуль»дан сотиб олиш истагини билдиришган. Бироқ, манбага кўра, Англия гранди яқин орада футболчи билан амалдаги шартномани узайтириш ниятида.
Ортда қолган 2025/26 йилги мавсумда Собослаи барча мусобақаларни инобатга олган ҳолда жами 53 та ўйинда майдонга тушиб, 13 та гол урди ва 12 та голли узатмани амалга оширди. Хавбекнинг «Ливерпуль» билан айни пайтдаги шартномаси 2028 йилга қадар мўлжалланган.













