Колумбия миллий терма жамоаси сардори Хамес Родригес Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Ўзбекистон устидан қозонилган ғалабадан (3:1) сўнг ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Тажрибали футболчи ўйин унга катта ҳис-ҳаяжон тақдим этганини ва рақибнинг тактик жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрганини таъкидлади.
“Ўзбекистонга қарши учрашув мен учун худди майдонга илк бор тушаётганимдек ўзига хос бўлди. Мадҳия янграганида вужудимдан ўтган ҳисларни сўз билан таърифлаб бериш қийин, бундан жуда бахтиёрман. Охирги уч ой мен учун бир оз оғир кечганди. Бироқ жамоадошларим ва мураббийлар штабининг қўллаб-қувватлаши туфайли ўзимни яна бахтиёр ҳис қиляпман. Бугун ажойиб ўйин ўтказдик.
Ўзбекистон тактик жиҳатдан кучли жамоа экан, улар бутун жамоа бўлиб чуқур ҳимояланишди. Шу сабабли, тўпни узатиш ва ўйинни ташкил қилиш учун орқароққа қайтишга мажбур бўлдим. Мен бўшатган зоналарга эса Пуэрта ва Жон Ариас кириб боришди. Ёнингизда шундай иқтидорли йигитлар бўлганида, майдонда ҳаракат қилиш анча осон кечади”, дейди 34 ёшли футболчи.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонни мағлуб этган Колумбия 3 очко билан гуруҳ пешқадамига айланиб олди. Аввалроқ ўзаро дуранг ўйнаган Португалия ва Конго ДР терма жамоалари ҳисобида биттадан очко мавжуд. Хамес Родригес сардорлигидаги жамоа навбатдаги 2-тур учрашувини 24 июнь куни Конго ДР терма жамоасига қарши ўтказади.













