Швеция терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Златан Ибрагимович АҚШ терма жамоаси ЖЧ-2026да зафар қучиши мумкинлигини тахмин қилди.
Маурисио Почеттино бошчилигидаги жамоа турнирни иккита ғалаба билан бошлади — улар Парагвай (4:1) ва Австралия (2:0) устидан устун келишди.
«Агар илгари ишонмаган бўлсангиз, яна бир бор такрорлайман: ишонишни бошланг. Уларнинг ортида бутун бир мамлакат турибди. Бундай қўллаб-қувватлашга эга бўлганингда, сени мағлуб этиш қийин кечади. Австралияга қарши жуда яхши ўйин бўлди. Аммо, очиғини айтганда, Австралия рақиб учун жиддий хавф туғдира олгани йўқ.
Жаҳон чемпионатигача бўлган барча воқеаларнинг аҳамияти йўқ. Муҳими — айни дамда нималар содир бўлаётгани. Ҳозир жамоа катта туртки олди ва бу улар учун жуда зарур эди.
Улар ўйиндан ўйинга ўз ишончларини ошириб боришлари керак. Плей-оффга йўлланма олгач, баъзи футболчиларга дам бериш имконияти ҳам туғилади. Ҳамма нарса яхши кўринмоқда», — деди Златан Ибрагимович Fox телеканали эфирида.













