Яман футбол ассоциацияси 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига саралаш босқичи тизимига ўзгартириш киритишни сўраб, ОФКга мурожаат қилди.
Гап шундаки, шу йилнинг 26 апрель куни ташланган қуръага кўра, Яман ўсмирлар терма жамоаси "В" гуруҳида Ўзбекистон, Фаластин ва Мальдив ороллари терма жамоалари билан куч синашиши маълум бўлганди. Шу билан биргаликда саралаш баҳсларига Тошкент шаҳри мезбонлик қилиши ҳам Конфедерация томонидан белгиланган эди. Ушбу гуруҳ вакили бўлмиш Мальдив ороллари футбол федерацияси ОФКга мурожаат қилиб, саралаш мусобақасига ўз терма жамоасининг бора олмаслигини маълум қилди. Шунинг учун "В" саралаш гуруҳида 3та жамоа қолди.
ОФК мазкур гуруҳ ўйинлари янги тақвимини тасдиқлаш билан бирга, 3та жамоа қолган гуруҳдан фақат битта жамоа Осиё чемпионати йўлланмасига эга бўлиши ҳақидаги қарорни ҳам эълон қилди. Аслида эса қуръа жараёнида қитъа жамоалари 10та гуруҳга бўлинган бўлиб, қоидага кўра, гуруҳ ғолиблари ва гуруҳларда иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар орасидан энг яхши натижага эга бўлган 5тасига ҳам қитъа чемпионати йўлланмаси тақдим этилиши кўзда тутилган. Ушбу ёшдаги чемпионат келаси йили Таиландда бўлиб ўтиши олдиндан маълум ва мезбон жамоа саралашдан озод этилган.
Яман футбол ассоциацияси эса ана шу қоидага суянган ҳолда, "В" гуруҳидан фақат ғолиб жамоагина Осиё чемпионатига чиқиш ҳақидаги қарорга эътироз билдирди. Федерация бош котиби Ҳамид Шибоний имзолаган мактубда ОФКга ўзига хос таклиф билдирилган. Унга кўра, "В" гуруҳига 5та жамоа ўрин олган бошқа гуруҳлардан (бундай гуруҳ 2та) битта жамоани қўшиш ва бу гуруҳда 2-ўринни олган жамоада ҳам Осиё чемпионатига даъвогарлик қилиш имконияти қолдириш сўралган.
Ғарбий Осиё жамоалари ўрин олган барча 6та гуруҳ 4тадан жамоадан иборат. Фақат Шарқий Осиё минтақасининг 2та гуруҳида 5та жамоа ўрин олган.
Ҳозирча ОФК Яман футбол федерациясининг сўровига расман жавоб бермади.
Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига саралаш босқичининг "В" гуруҳи ўйинлари 25-29 сентябрь кунлари "Жар" стадионида бўлиб ўтиши режалаштирилган.