Жаҳон чемпионати–2026 "F" гуруҳи 2-туридан ўрин олган Нидерландия ва Швеция терма жамоалари ўртасидаги баҳс якунланди.
АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги «Эн-Эр-Жи Стэдиум» аренасида бўлиб ўтган учрашувда нидерландлар 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ҳисоб 5-дақиқада Брайан Броббининг голи билан очилди. Ҳужумчи 17-дақиқада дубль қайд этди. Иккинчи бўлим бошида Коди Гакпо 47 ва 54-дақиқаларда икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Швеция сафида Энтони Эланга 59-дақиқада битта гол уришга муваффақ бўлди. Учрашувга нуқтани эса 89-дақиқада Крисенсио Саммервилл қўйди.
ЖЧ-2026. F гуруҳи, 2-тур
Нидерландия — Швеция — 5:1
Голлар: Бробби (5, 17), Гакпо (47, 54), Саммервилл (89) — Эланга (59).
Ушбу натижадан кейин Нидерландия 4 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. Швеция ҳисобида 3 очко бор ва жамоа иккинчи ўринда бормоқда.
Сўнгги турда Нидерландия Тунисга қарши, Швеция эса Японияга қарши майдонга тушади. Ҳар икки баҳс 26 июнь куни бўлиб ўтади.













