«Астон Вилла» ярим ҳимоячиси Морган Рожерс Лондоннинг «Арсенал» клуби учун ёзги трансфер ойнасидаги энг устувор мақсад бўлиб турибди.
Бирмингемликлар ҳанузгача ўз етакчисини сотиш бўйича музокаралар олиб боришни рад этишмоқда. Бироқ, турли манбаларнинг хабар беришича, 85 миллион фунт стерлинглик (деярли 100 миллион евро) расмий таклиф «Астон Вилла» раҳбариятини ушбу келишувни кўриб чиқишга мажбур қила олади.
«Канонирлар» вакиллари эса бу борада жуда қатъий қарорга келишган. Журналист Крэйг Хоупнинг маълумотларига кўра, Лондон клуби ЖЧ–2026 учун Англия терма жамоаси ихтиёрида бўлиб турган ўз футболчиларидан фойдаланмоқчи. Клуб Букайо Сака, Эберечи Эзе, Деклан Райс ва Нони Мадуэкега терма жамоа лагерида Рожерс билан трансфер мавзусида суҳбатлашишни ва уни «Арсенал»га ўтишга кўндиришни топширган.
23 ёшли иқтидорли футболчига «Арсенал»дан ташқари «Челси», «Манчестер Сити» ва Мюнхеннинг «Бавария» каби Европа грандлари ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Англия терма жамоаси Жаҳон чемпионати доирасидаги навбатдаги учрашувини 23 июнь куни Тошкент вақти билан соат 23:00 да Ганага қарши ўтказади.













