«Ноттингем Форест» ярим ҳимоячиси Эллиот Андерсоннинг шу вақтгача «Манчестер Сити»га ўтиши расман якунланмагани сабаблари маълум бўлди. Аввалроқ клублар 23 ёшли футболчининг трансфери борасида тўлиқ келишувга эришгани хабар қилинган эди.
Таниқли журналист Бен Жейкобснинг таъкидлашича, трансфернинг кечикиши «ўрмончилар»нинг молиявий режалари билан боғлиқ. «Ноттингем Форест» клуби раҳбарияти кейинги мавсум учун молиявий бюджетни шакллантириш доирасида Андерсоннинг сотувини июль ойида расмий рўйхатдан ўтказишни истамоқда. Шунга қарамай, трансфер Жаҳон чемпионати якунига етгунига қадар амалга ошиши истисно этилмаяпти. Футболчи тиббий кўрикдан тўғридан-тўғри АҚШда (мундиал ўтказилаётган жойда) ўтиши мумкин.
Ортда қолган мавсумда Андерсон барча мусобақаларни ҳисобга олган ҳолда жами 50 та учрашувда майдонга тушди. У ўз ҳисобига 4 та гол ва 5 та голли узатмани ёздириб қўйишга муваффақ бўлган.













