Португалия терма жамоаси сардори Криштиану Роналду ЖЧ-2026 давомида ҳам асосий муҳокама мавзуларидан бири бўлиб қолмоқда.
Конго ДРга қарши учрашувда (1:1) асосий таркибда майдонга тушган 41 ёшли ҳужумчи фаолиятидаги олтинчи жаҳон чемпионатида иштирок этди ва бу борада аргентиналик юлдуз Лионель Мессининг натижасини такрорлади. Бироқ мундиаллардаги голлар сони бўйича португалиялик форвард аргентиналик рақибидан анча ортда қолмоқда.
Айни пайтга келиб, Роналду жаҳон чемпионатларида ўтказган 23 та учрашувда 8 та гол ва 2 та ассист қайд этган.
Роналдунинг жаҳон чемпионатларидаги барча голлари:
— ЖЧ-2006 (Германия) — 1 гол (Эрон дарвозасига пенальтидан);
— ЖЧ-2010 (ЖАР) — 1 гол (КХДРга қарши баҳсда, 7:0);
— ЖЧ-2014 (Бразилия) — 1 гол (Ганага қарши ўйиндаги ғалаба голи, 2:1);
— ЖЧ-2018 (Россия) — 4 гол (Испания дарвозасига хет-трик ва Марокашга қарши битта гол);
— ЖЧ-2022 (Қатар) — 1 гол (Ганага қарши пенальтидан урилган гол. Ушбу гол Роналдуни бешта мундиалда гол урган илк футболчига айлантирган эди);
— ЖЧ-2026 (АҚШ, Канада ва Мексика) — ҳозирча 0 гол.
Эътиборлиси, Роналдунинг жаҳон чемпионатларидаги барча 8 та голи гуруҳ босқичида киритилган. Плей-офф баҳсларида эса португалиялик ҳужумчи ҳали бирор марта ҳам гол ёки ассист муаллифи бўлмаган.
Мундиаллардаги умумий голлар сони бўйича Роналду Лионель Мессидан ортда қолмоқда. Аргентина терма жамоаси сардори Австрияга қарши баҳсда ўзининг 17-голини уриб, жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди.
Португалия терма жамоаси ЖЧ-2026 доирасидаги навбатдаги учрашувини Ўзбекистон миллий жамоасига қарши ўтказади.













