Массачусетс штатининг Броктон шаҳрида футбол бўйича 2026-йилги жаҳон чемпионати доирасидаги Кабо-Верде ва Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасидаги ўйин якунланганидан сўнг отишма содир бўлди. Бу ҳақда NBC Бостон нашри хабар бермоқда
Таъкидланишича, шаҳарнинг марказий қисмида бир нечта отишма қайд этилган ва оқибатда тўрт киши жароҳатланган. Барча жабрланувчилар зудлик билан шифохонага ётқизилган. Полиция отишмада гумон қилинганлардан бирининг суратини эълон қилди — унда қора кийимдаги ёш қора танли эркак акс этган.
Қайд этилишича, Броктонда Кабо-Вердедан келиб чиққан 20 мингга яқин одам истиқомат қилади.
“Бу кун маҳаллий диаспора учун ўзгача бўлди: уларнинг миллий терма жамоаси гуруҳ босқичининг сўнгги турида Саудия Арабистони билан нурсиз дуранг ўйнаб, ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати плей-офф босқичига йўлланма олди. Тарихий ютуқдан қувончи ичига сиғмаган мухлислар кўчаларга чиқди, бироқ байрам тантаналари юз берган ҳодиса туфайли соя остида қолди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, бу сўнгги пайтларда Массачусетсда кузатилган иккинчи шундай ҳодиса ҳисобланади. Аввалроқ Стербрижда Шотландия терма жамоаси мухлислари истиқомат қилаётган меҳмонхона ёнида ҳам ўқ овозлари эшитилган. Воқеа 18 июнь куни маҳаллий вақт билан тахминан 00:55 да содир бўлган. Саккиз ойлик ҳомиладор аёл аввалига йўлтанламас машинасида меҳмонхона деворига бориб урилган, сўнг ўт очган.
Африка қитъаси вакили Кабо-Верде терма жамоаси футбол бўйича Жаҳон чемпионатида ўзига хос натижа қайд этди. Дебютант жамоа мундиал плей-офф босқичига йўл олган энг кам аҳолига эга мамлакат сифатида қайд этилди.













