Россиялик мураббий Игорь Шалимов Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионати-2026даги иштирокига баҳо берди.
«Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичидан кейин мусобақани тарк этди. Бу мантиқий натижа, аммо жамоа жуда кўп — 11 та гол ўтказиб юборди. Каннаваро ҳимоя ўйинини яхшилай олади, деган умидлар ўзини оқламади. Умуман олганда, бош мураббийни алмаштириш ҳам самара бермади. Жамоани Жаҳон чемпионатига маҳаллий мутахассис олиб чиққан бўлса, мусобақанинг ўзида унга Фабио Каннаваро раҳбарлик қилди. Наҳотки, маҳаллий мураббий бундан ҳам ёмонроқ натижа кўрсатарди? Оқибатда натижа ҳам бўлмади, маблағ ҳам сарфланди. Бу қарор менга маъқул келмади.
Жамоанинг майдондаги жонбозлигига эътирозим йўқ. Шомуродов ҳақиқий етакчи ва обрўли футболчи экани кўриниб турибди. Элдор ажойиб гол урди. Аммо Ҳусанов мени ҳайратда қолдирди. У жарима майдонида тўпни олиб қўйишга уринганда хатога йўл қўйди ва пенальтига сабабчи бўлди», — деди Шалимов.













