«Барселона» Дани Родригесни Загребнинг «Динамо» клубига сотди.
Инсайдер Фабрицио Романонинг берган маълумотига кўра, каталонияликлар ярим ҳимоячисини қайта сотиб олиш ҳуқуқини (опциясини) ўзларида сақлаб қолишган.
«Яқин вақтгача «Барселона» шарафини ҳимоя қилиб келган 20 ёшли испаниялик вингер Дани Родригес «Динамо» клубининг янги аъзосига айланди.
Родригес «Барселона» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади, у ерга 15 ёшида «Реал Сосьедад»дан ўтган эди. У «Барса»нинг барча ёш тоифасидаги жамоаларида тўп сурган, охирги уч мавсумни эса ёшлар жамоаси — «Барселона Атлетик» таркибида ўтказган. Шунингдек, у ўтган йилнинг май ойида Ла Лига доирасида «Реал Вальядолид»га қарши кечган учрашувда (2:1) «Барселона»нинг асосий жамоасида дебют қилишга улгурганди.
Дани Испаниянинг ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари таркибидан жой олган. У Испания U17 терма жамоаси сафида 2022 йилги Европа чемпионатида иштирок этган, икки йил ўтиб эса U19 жамоаси билан финалда Францияни мағлуб этган ҳолда (2:0), Европа чемпионига айланган эди», — дейилади Загребнинг «Динамо» клуби расмий баёнотида.













