Кабо-Верде терма жамоаси дарвозабони Возинья ижтимоий тармоқларда 22 миллионга яқин (айни пайтда 21.2 млн дан зиёд) обуначи тўплашга муваффақ бўлди.
Португалиянинг «Шавеш» клубида тўп сурувчи 40 ёшли посбон Аргентинага қарши кечган драматик баҳсдан сўнг Жаҳон чемпионатидаги иштирокини якунлади. Бироқ унинг ижтимоий тармоқлардаги машҳурлиги кундан-кунга ўсиб бормоқда. Эътиборли жиҳати, Жаҳон чемпионатидаги илк баҳс старт олгунига қадар Возиньянинг саҳифасини атиги 56 000 инсон кузатар эди.
Бундай кескин ўсишга футболчининг Испанияга қарши (0:0) ўйиндаги супер қаҳрамонлиги ҳамда Бразилиянинг машҳур CazéTV лойиҳаси ва маҳаллий ОАВ томонидан бошланган йирик қўллаб-қувватлаш кампанияси сабаб бўлди. Натижада, аҳолиси бор-йўғи 530 минг кишидан иборат бўлган кичик орол давлати дарвозабони интернет оламининг ҳақиқий «бош қаҳрамони»га айланди.













