«Колорадо» клуби ва Австралия терма жамоаси ҳимоячиси Лукас Херрингтон фаолиятини топ-клублардан бирида давом эттириши мумкин.
Инсайдер Экрем Конурнинг берган маълумотларига кўра, 18 ёшли футболчининг трансферига «Барселона», «Ливерпуль» ва «Наполи» клублари қизиқиш билдирмоқда. АҚШ клуби ўз ўйинчисини сотишга тайёр ва у учун 25 миллион евро миқдорида нарх белгилаган. Таъкидлаш жоизки, Херрингтон ҳам мудофаа марказида, ҳам ҳимоянинг ўнг қанотида бирдек муваффақиятли тўп сура олади.
Лукас Херрингтон «Колорадо» клубига шу йилнинг январь ойида «Брисбен Роар»дан 900 минг евро эвазига ўтган эди. Унинг амалдаги шартномаси 2029 йилнинг 31 декабрига қадар мўлжалланган. Жорий мавсумда ҳимоячи клуб миқёсида барча турнирларда 17 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол ва 1 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Transfermarkt портали Херрингтоннинг трансфер қийматини 4,5 миллион еврога баҳоламоқда.













