Киев шаҳрида (Украина) бокс бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида яна икки нафар ҳамюртимиз чорак финал йўлланмасига эга бўлди.
Оғирлик вазни 75 кг.гача бўлган чарм қўлқоп усталари мусобақасида терма жамоамиз аъзоси Баҳромжон Фозиловни чорак финалга чиққанлиги ҳақида маълумот берган эдик. Кеча бўлиб ўтган баҳслардан сўнг Музаффар Рашидов (-60 кг) ҳамда Элдор Мержанов (-66 кг) ҳам навбатдаги жангларни ғалаба билан якунлаб, медаллар учун курашни давом эттирадиган бўлдилар.
Нимчорак финалда америкалик боксчини мағлуб этган Музаффар Рашидов чорак финалда россиялик Иван Козловскийга қарши рингга чиқса, Элдор Мержанов ярим финал йўлланмаси учун грузиялик Георгий Харабадзе билан баҳс юритади.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Мержанов 1/16 финалда италиялик Самуэль Манкареллани, нимчорак финалда эса литвалик В.Белсисни мағлуб этган.
Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳслари 15 сентябрга қадар давом этади.