Жорий йилнинг 12-17 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт саройида бокс бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Сидней Жаксон хотирасига бағишланиб анъанавий тарзда ўтказиладиган халқаро турнир ўтказилади.
47 – бор ташкил этилаётган мазкур халқаро турнирда Ўзбекистон, Жазоир, Филиппин, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларининг 200 нафардан зиёд чарм қўлқоп усталари ўн вазн тоифасида баҳсларга киришадилар. Ватанимиз шарафини 150 нафар боксчиларимиз ҳимоя қиладилар.
Таъкидлаш жоизки, йилдан-йилга нуфузи ва даражаси юксалиб бораётган мазкур халқаро турнир боксчиларимиз учун жорий йилнинг октябрь ойида Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионати олдидан ўзига хос тайёргарлик босқичи вазифасини ҳам ўтайди.
Халқаро турнирнинг очилишига бағишланган тадбир 12 сентябрь куни соат 17:00да бошланади.