Роберто Мартинес Португалия терма жамоаси бош мураббийи лавозимидан кетди. Португалия жамоаси ЖЧ-2026нинг 1/8 финалида Испанияга (0:1) имкониятни бой бериб, турнирни тарк этган эди. Шундан сўнг, 52 ёшли мутахассис шартномаси якунлангани сабабли терма жамоадан кетишини эълон қилди.
«Португалия футбол федерацияси (FPF) миллий терма жамоа бош мураббийи Роберто Мартинес ва унинг мураббийлар штаби билан шартномавий муносабатлар шу чоршанба куни расман якунланганини маълум қилади.
FPF Роберто Мартинес ва унинг мураббийлар штабига сўнгги уч ярим йил давомида кўрсатган профессионаллиги ва фидойилиги учун миннатдорчилик билдиради. Ушбу давр 2025 йилги Миллатлар Лигасидаги ғалаба, шунингдек, мураббийнинг лойиҳани амалга оширишга бўлган садоқати, профессионаллиги ва масъулияти ҳамда мамлакат ва Португалия футболига нисбатан доимий ҳурмати билан ажралиб турди.
FPF президенти ҳар қандай турнирда миллий терма жамоанинг ҳаракатларини белгилаб бериши керак бўлган амбициялар ва ғалаба қозониш маданиятини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш мақсадида янги бош мураббий излаш ишларини аллақачон бошлаб юборган», — дейилади FPF баёнотида.
Мартинес Португалия терма жамоасини 2023 йилдан буён бошқариб келаётган эди ва жамоа билан 2024/25 йилги Миллатлар Лигасида ғолиб чиқди. Евро-2024да жамоа 1/4 финал босқичигача етиб бориб, у ерда Францияга имкониятни бой берганди (0:0, пенальтилар бўйича 3:5).













