“Барселона”нинг собиқ бош мураббийи Хави Испания терма жамоаси ва каталонияликлар ҳужумчиси Ламин Ямални Лионель Месси билан таққослашлар ҳақида фикр билдирди.
"Месси билан таққослашлар муқаррар. Ахир у ҳам Леодек ўнг қанотда ҳаракат қилади, чап оёқда ўйнайди, марказга силжийди, ҳужумни ташкил этади ва ҳал қилувчи узатмалар бера олади. Бу жиҳатларда улар ўхшаш.
Аммо менинг фикримча, биз Ямалга яхшилик қилмаяпмиз. Уни тарихдаги энг буюк футболчи билан бир қаторга қўйиш фақат босимни оширади.
Шунга қарамай, назаримда, Ламин бунга унчалик эътибор бермайди. У шунчаки тўп билан ўйнашни ва футболдан завқ олишни истайди.
Месси, албатта, унинг учун катта намуна. Энг қадрли томони шундаки, Леонинг ўзи ҳам Ламинда ўзига хос жиҳатларни кўрган. Ҳатто бир интервюсида уни ўзининг муносиб давомчиси сифатида тилга олганди. Тасаввур қилинг, бундай эътирофни эшитган футболчи нималарни ҳис қилади.
Шу билан бирга, улар аслида бир-биридан фарқ қилади. Ламин кўпроқ дриблингга таянадиган футболчи, Месси эса дарвозага тик борарди. Менимча, уларни ўйин услубидан кўра характери бирлаштиради. Иккиси ҳам ўзига қатъий ишонади ва айнан шу ишонч уларни бошқалардан ажратиб туради.
Ламин ўзининг бошқалардан фарқ қилишини англайди. Буни майдондаги ҳаракатлари ва муомаласидан ҳам сезиш мумкин. Месси ҳам ёшлигида ўзининг ўзгача футболчи эканини биларди. Иккаласи ҳам ўйин ритмини ҳис қила олади ва учрашув тақдирини ўзгартириш қобилиятига эга.
Ламин Пау Кубарси, Марк Бернал, Алехандро Бальде ва Гави билан бирга улғайган. Уларнинг барчаси унинг алоҳида истеъдод эгаси эканини яхши билади. Бу эса жамоа учун жуда муҳим", — деди Хави.













