Испания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Родри жамоадоши Ламин Ямал ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Родрининг сўзларига кўра, ёш иқтидор эгаси баъзида ортиқча босимни камайтириши ва хотиржамроқ ўйнаши керак.
"Менимча, Ламин баъзида ўзини исботлаш истаги сабаб юзага келадиган босим ва ҳаяжонни бироз камайтириши керак. У биз учун тўп билан ҳам, тўпсиз ҳам ниҳоятда муҳим футболчи. Жуда ақлли йигит. Аслида у эндигина 19 ёшда. Шу сабабли ўйиннинг айрим паллаларида уни йўналтиришимиз ва тинчлантиришимизга тўғри келади, чунки футбол унинг қонида бор", — дейди Родри.
Шунингдек, тажрибали ярим ҳимоячи мураббийнинг кўрсатмаларига тўхталиб, бўлажак муҳим баҳсда Ямалнинг роли катта бўлишига умид билдирди.
"Мураббий ҳам кеча айтганидек, биз хотиржамроқ бўлишимиз керак. Гап шунчаки у ўз имкониятларини намойиш этиши учун энг қулай лаҳзани топишда. Францияга қарши ўйинда у биз учун муҳим рол ўйнашига умид қиламиз. Европада шунчалик етук футболчини кўрганимиздан кейин, яна икки йилдан сўнг у нималарга қодир бўлишидан унчалик ҳайрон қолмаймиз", — дея қўшимча қилди у.
Родри Ямалнинг ёш бўлишига қарамай кўрсатаётган ўйинини юқори баҳолаб, ўз фаолияти билан таққослади:
"Албатта, унинг буларнинг барчасини шу ёшида амалга ошираётгани ҳайратланарли. Мен унинг ёшида ҳали профессионал фаолиятимни ҳам бошламагандим, юқори савияда ўйнаш ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. У жуда етук йигит. Албатта, ўйинни янада чуқурроқ тушуниш борасида ҳали ривожланиши мумкин ва бу унинг ёшини ҳисобга олганда табиий. Аммо унинг қандай ажойиб даражага эга эканини ҳаммамиз жуда яхши биламиз".













