Қозоқистон чемпионатининг энг яхши футболчиларидан бири бўлиб турган терма жамоамиз аъзоси Тимур Кападзе қозоқ журналистларининг саволларига жавоб берди.
— Тимур, бу ерга келганингизга бир йилча бўлди, календар ҳисобида, албатта. Бу вақт ичида қандайдир хулоса чиқардингизми?
— Ўтган ёзда «Актобе»га келдим. Ўтган мавсум давомида жамоага мошлаша бордим. Бу мен учун янги чемпионат. Тўғри, бизнинг одатларимиз ва дунёқарашимиз ўхшаш, лекин чемпионатда фарқ бор. Бу ерда жамоалар бошқача ўйнашади. Қозоқ жамоалари еврокубокларда яхши иштирок этишди. Бу ҳам чемпионатнинг қизиқарли бўлиши учун муҳим омил ҳисобланади.
— Ўтган йили БААда ўйнаётган вақтингизда фаолиятингизни якунлаш ҳақида айтгандингиз. Ҳамон шу фикрдамисиз?
— Биласизми, ўшанда ўзимни кучсиз ҳис қилганман. Бу ерда эса кучсизланишга вақт йўқ. Ҳар бир ўйин олтинга тенг.
— «Актобе» чемпионлар лигаси саралашида Скандинавия жамоаларидан қийинчилик билан ўтди. Нимага?
— Билмадим. Ўша вақтда чемпионат ўйинлари ҳам бўлиб ўтаётган эди ва 5-6 ўйин ўтказиш жисмоний зўриқишга олиб келди.
— Иорданиядан қабул қилинган мағлубият Ўзбек футболи учун мотам бўлдими?
— Жуда катта мотам. Меҳмонда уларга қарши яхши ҳаракат қилдик, Тошкентда ҳам ўйинни яхши бошладик, гол ҳам урдик. Лекин уларнинг кутилмаганда берган аниқ зарбаси ва ҳаммаси ўзгариб кетди. Улардан ўтишни жуда хоҳлаган эдик. Гуруҳда ҳам Кореяга умид қилган эдик. Иордания ўтса бўладиган рақиб эди. Энг ёмони, мухлисларга қийин бўлди. Биз уларни хурсанд қилмоқчи эдик.
— Эртанги ўйин ҳақида нима дея оласиз? Гейнрих «Шахтёр» учун «тўп»ларини шайлаб қўйгандир?
— Умуман олганда, у «Иртиш» билан ўйинда кичик жароҳат олди. Биз ҳамма жамоа билан ғалаба учун ўйнашимиз керак. Улар каби очколаримиз тенг,- дейди футболчи.