«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Маркус Рэшфорднинг трансфер ҳуқуқларини 47 миллион евро эвазига сотиб олиш имконини берувчи банднинг амал қилиш муддати тугади, деб хабар бермоқда The Athletic.
Эндиликда 28 ёшли англиялик футболчининг трансферини фақат «Манчестер Юнайтед» билан олиб бориладиган музокаралар орқали амалга ошириш мумкин. Ўйинчининг «МЮ» билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали Рэшфорднинг бозор қийматини 40 миллион еврога баҳоламоқда.
Шу тариқа, турнирлар якунлангач, агар ҳеч нарса ўзгармаса, ҳужумчи «Манчестер Юнайтед» машғулотларига қайтади. Ўтган мавсумни у ижара асосида «Барселона» сафида ўтказди. Каталония клуби футболчини 30 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқига эга эди, аммо бу имкониятдан фойдаланмасликка қарор қилди.
Таъкидланишича, 47 миллион евролик товон пули ҳақидаги банд Англиянинг икки клуби — «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль»га нисбатан амал қилмаган.
Рэшфорд «Барселона» сафида барча турнирларда 49 та ўйин ўтказиб, 14 та гол урди ва 14 та голли узатмани амалга оширди.













