Испания терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Жерар Пике «Қизил фурия»нинг ҳозирги таркибини 16 йил олдин ЖАРдаги мундиалда ғолиб чиққан авлод билан қиёслади.
«Бу жамоалар жуда ўхшаш. Кўпчилик 2010 йилги Испанияда ҳозиргисига қараганда кўпроқ аура, кўпроқ харизма бор эди дейишади, лекин бу 16 йил ўтиб ва ўтмишга назар ташлаб айтилмоқда. Биз 2010 йилги Жаҳон чемпионатига келганимизда фаворит эмас эдик. Ишончим комилки, Педри, Ламин, Кубарси ва бошқалардан иборат ушбу терма жамоа ҳам худди шундай ёки ундан ҳам яхшироқ бўлади, лекин унга вақт керак», — дея Жерар Пикенинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда AS нашри.
19 июль куни футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг Испания — Аргентина финал учрашуви бўлиб ўтади. Ўйин АҚШнинг Ист-Ратерфорд шаҳридаги «Метлайф» стадионида бўлиб ўтади. Учрашув бошланиши Тошкент вақти билан 00:00га режалаштирилган.













