Кевин Киган ўйнаган ва бошқарган жамоалар собиқ форварднинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдиришди.
Икки карра «Олтин тўп» соҳиби бугун вафот этди. У 75 ёшда эди.
«Клубимиз тарихидаги энг афсонавий, таъсирли ва севимли сиймолардан бири бўлган Кевин Киганнинг вафоти ҳақидаги хабардан қайғудамиз. Кевин шунчаки афсонавий футболчи ва мураббийдан ҳам устунроқ эди. У «Ньюкасл»нинг кўпгина мухлислари авлоди учун жамоанинг уриб турган юраги эди», — дейилади «зағчалар» матбуот хизмати хабарида.
««Манчестер Сити»даги барча собиқ мураббийимиз Кевин Киганнинг 75 ёшида вафот этгани ҳақидаги хабардан ларзага келди. Кевин жамоани бошқарган тўрт йиллик фаолияти давомида «Сити»га оптимизм ва энергия олиб кирган ўзгаришлар мураббийи эди. Юқори дивизионга қайтган 2001/02 йилги мавсум ҳеч қачон унутилмайди, кейинги йилларда эса Кевин бизни яна Премьер-лиганинг етакчи жамоалари қаторига олиб чиқди. Ушбу жуда оғир дамларда бизнинг фикримиз ва хаёлимиз Кевиннинг оиласи ва дўстлари билан», — деб баёнот берди «Сити».
«Биз афсонавий Кевин Киганнинг ҳаётдан кўз юмганидан чуқур қайғудамиз ва унинг йўқотилишидан мотамдаамиз. Унинг енгилмас руҳи ва беқиёс ҳиссаси тарихимизда абадий қолади, мероси эса мангу яшайди. Тинчлан, Кевин», — дейилади «Ливерпуль» нашрида.
«Биз Кевин Киганнинг вафоти ҳақидаги хабардан жуда ҳам қайғудамиз. Кевин 1999 йилдан 2000 йилгача «уч шерлар»ни бошқаришидан олдин, 1972 йилдан 1982 йилгача бўлган даврда терма жамоа сафида 63 та ўйин ўтказиб, 21 та гол урган эди. Кевиннинг оиласи, дўстлари ва собиқ клубларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз», — деб баёнот берди Англия терма жамоаси.













