«Тоттенхэм Хотспур» бош мураббийи Роберто Де Зерби клубнинг трансфер бозорида олиб бораётган ишлари ҳақида фикр билдирди. Мавсумлараро танаффусда жамоа сафига дарвозабон Мартин Дубравка, ҳимоячилар Эндрю Робертсон, Маркос Сенеси, Ян Паул ван Хекке ҳамда ярим ҳимоячилар Матеуш Фернандеш ва Сандро Тонали келиб қўшилди.
«Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман, чунки биз ажойиб иш олиб боряпмиз. Бир нечта жуда муҳим янги футболчилар билан жуда кучли жамоа шакллантиряпмиз деб ўйлайман, клуб тарихининг янги босқичида янги лойиҳани бошламоқдамиз.
Апрель ойида клубга келгунимга қадар уни ўрганишга кўп вақт сарфладим, клуб эгасининг ғояларини жуда яхши билардим ва режа «Эвертон»га қарши ўйингачаёқ аниқ эди. Ҳозирда биз лойиҳанинг ичидамиз, жуда кучли жамоа тузиш ғояси бизга илҳом бағишламоқда. Энди трансфер кампаниямизни (ҳам таркибни тўлдириш, ҳам баъзи ўйинчилар билан хайрлашиш бўйича) якунига етказиб олишимиз керак, лекин ҳозирча ҳаммасидан жуда хурсандман, фахрланаман ва жуда ижобий кайфиятдаман.
Асосийси — руҳ, муайян фазилатларга эга, аммо шу билан бирга руҳият, эҳтирос ва биздаги барча қадриятларни ўзида мужассам этган янги жамоа яратишдир. Ҳозирги футбол фақат майдондаги ўйин ёки тўпнинг ўзидан иборат эмас, бу шахсий ҳаёт ва кунига қанча соат вақтингни ўз ишингга бағишлашингдадир. Футболчилар «Тоттенхэм»да қолаётганликларидан бахтиёр ва фахрланган бўлишлари керак», — дейди Де Зерби клуб расмий сайтига берган интервьюсида.













