Лондоннинг «Тоттенхэм» клуби дарвозабони Гульельмо Викарио жамоанинг мавсумлараро турнеси учун қайдномасидан жой олмади. Италилик посбон ушбу ёзги трансфер ойнасида клубни тарк этиши деярли аниқ бўлиб турибди.
Викарионинг таркибдан ташқарида қолгани унинг «шпорлар» сафидаги фаолияти ниҳоясига етаётганидан далолат беради. 2023 йилда «Эмполи»дан кўчиб ўтган 29 ёшли дарвозабон ўтган вақт мобайнида Премьер-лиганинг энг ишончли посбонларидан бири сифатида ўзини кўрсата олган эди.
«Тоттенхэм» раҳбарияти ўз асосий дарвозабони билан хайрлашишга тайёр кўринмоқда. Эндиликда лондонликлар унинг ўрнига янги ижрочи излашга мажбур бўлса, Италия терма жамоаси аъзосига даъвогарлик қилаётган клублар трансферни тезроқ ҳал қилишга ҳаракат қилишади.













