Дунёнинг энг ёши катта профессионал футболчиси Кадзуёси Миура 2022 йилдан буён илк марта расмий учрашувда гол муаллифи бўлди.
59 ёшли япон ҳужумчиси «Фукусима Юнайтед»нинг Император кубоги саралашида Фукусима префектураси финали доирасида «Иваки Фурукава»га қарши ўйинни асосий таркибда бошлади.
Учрашувнинг 52-дақиқасида Миура Такатора Эйнагининг узатмасини голга айлантириб, жамоасининг бешинчи голини урди. Орадан уч дақиқа ўтиб, тажрибали ҳужумчи майдонни тарк этди.
Баҳс «Фукусима Юнайтед»нинг 7:0 ҳисобидаги йирик ғалабаси билан якунланди.
Қайд этиш жоиз, Миура бундан аввал расмий учрашувда 2022 йил 12 ноябрь куни гол урган эди. Ўшанда у «Судзука» сафида «Осака»га қарши баҳсда ўз номини таблога ёздирганди.













