«Сурхон» футбол клуби ўз уй учрашувларини ўтказиш бўйича юзага келган масалани ҳал қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси расман маълум қилди.
Аввалроқ, «Сурхон арена» стадиони билан боғлиқ ҳолат Лига томонидан ошко қилинган эди. Бироқ «Сурхон» клуби шундан кейин ҳам рақибларини қайси стадионда қабул қилишини Суперлига регламенти талаблари асосида ўз вақтида ҳал қилмади. Бунинг оқибатида жамоанинг «Динамо» ва «Навбаҳор»га қарши уй учрашувлари рақиблар майдонига кўчирилган эди. Шундан сўнггина клуб нейтрал стадион масаласини ижобий ҳал этишга эришди.
Лига хабарига кўра, эндиликда термизликлар ўз уй учрашувларини Олмалиқ шаҳрида қабул қилади. Суперлиганинг 17-туридан ўрин олган «Сурхон» — «Сўғдиёна» учрашуви 13 август куни ўтказилади. Жамоа мазкур баҳсдан бошлаб ўз рақибларини ОКМК стадионида қабул қилишни бошлайди.













