Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби “Олтин тўп” соҳиби Карим Бенземани ёзги трансфер ойнасида сотиб юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Арриядияҳ нашри хабар берган.
Манбага кўра, клуб раҳбарияти 38 ёшли ҳужумчига Саудия Арабистони чемпионатига янги қўшилган жамоалардан бирига ўтишни таклиф қилган. Бироқ Бензема бу ғояга қатъиян қаршилик билдирган. Франциялик футболчи шартномасининг сўнгги йили учун белгиланган маош тўлиқ тўлаб берилишини, шундан сўнггина “Ал-Ҳилол”ни тарк этишини талаб қилмоқда.
Бензема “Ал-Ҳилол”га феврал ойида ўтган эди. У жамоа сафида жами 13 та ўйин ўтказиб, 9 та гол ва 5 та голли узатмага муаллифлик қилган. ОАВ хабарларига кўра, Бензема жамоанинг асосий таркиб футболчиси бўлишни истамоқда. Бироқ “Ал-Ҳилол” футболчидан фақат Осиё Чемпионлар Лигаси баҳсларидагина фойдаланишни режалаштирган.
Маълумот учун, Карим Бензема фаолияти давомида 5 марта Чемпионлар Лигасида, 4 мартадан Испания ва Франция чемпионатларида зафар қучган. Шунингдек, у Миллатлар Лигаси ғолиби ҳисобланади. 2022-йилда франциялик ҳужумчи “Олтин тўп” мукофотини қўлга киритган.













