АПЛнинг 8 та клуби янги мавсум олдидан мухлислар учун мўлжалланган оригинал футболкалар нархини оширди. Бу қарор ишқибозлар ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мутахассислар томонидан кескин танқидга учради.
Энг қиммат катталар футболкаси энди «Тоттенхэм»да — 90 фунт (ўтган йилги нархдан 5 фунтга қиммат). «Челси»да ҳам нарх худди шу даражага кўтарилди.
Ҳозирда 10 та клуб катталар футболкасини 80 фунт ва ундан қимматроқ нархда сотувга қўймоқда.
«Бу либослар нархи ҳар қандай стандарт бўйича ҳаддан ташқари ошириб юборилган. Бунинг оқибатида кўплаб мухлислар уларни сотиб ололмай қолиши мумкин. Клублар янги авлод мухлисларига жамоа билан боғлиқликни ҳис қилишга ёрдам бериши керак, нархларни қўл етмас даражага етказиши эмас», — дейди истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича мутахассис Скотт Диксон Independent нашрига берган интервьюсида.
Шунингдек, у нархларнинг ошиши қалбаки маҳсулотларга бўлган талабни кўпайтириши мумкинлигидан огоҳлантирди. Аввалроқ, жаҳон чемпионати вақтида Британия расмийлари умумий қиймати жуда юқори бўлган ноқонуний футбол маҳсулотлари мусодара қилинганини маълум қилишган эди.
АПЛда нархларни ўзгартирмасликга қарор қилган (ўзида кетма-кет 2 мавсум давомида бир хил нархни сақлаб қолган) ягона клуб «Брентфорд» бўлди.













