Лондоннинг «Челси» ҳамда Австралиянинг Сидней шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи «Вестерн Сидней Уондерерс» клублари ўртасида кечган ўртоқлик учрашуви ўз ниҳоясига етди. Сиднейдаги «Аккор» стадионида бўлиб ўтган баҳс «аристократлар»нинг 6:4 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Ўйиннинг 6-дақиқасидаёқ ҳужумчи Дастан Сатпаев лондонликларни олдинга олиб чиқди. Сидней клуби ҳимоячиси Энтони Пантазопулос 14-дақиқада жавоб тўпини киритди. 32-дақиқага келиб, ярим ҳимоячи Эйдан Хэммонд австралияликларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, орадан олти дақиқа ўтиб «кўклар» ярим ҳимоячиси Дариу Эсугу мувозанатни тиклади. Дилан Сайклуна 62-дақиқада «Вестерн Сидней»ни яна олдинга олиб чиққан бўлса-да, орадан тўрт дақиқа ўтиб лондонликлар форварди Жейми Гиттенс ҳисобни яна тенглаштирди. Ҳужумчи Оуэн Луал 78-дақиқада сиднейликларнинг тўртинчи голини урди. Бироқ орадан икки дақиқа ўтиб Жоао Педро таблодаги рақамларни тенглаштирди. 85-дақиқада Педро дублни расмийлаштирган бўлса, яна тўрт дақиқадан сўнг рақиб дарвозасига ўзининг учинчи голини урди.
Ушбу ўртоқлик баҳси «Челси»нинг Австралия ва Осиё бўйлаб ўтказаётган мавсумолди турнесидаги дастлабки ўйини бўлди. Лондонликлар Сиднейда, шунингдек, «Тоттенхэм»га қарши ҳам майдонга тушишади.
Маълумот учун, «Челси» 2025/2026 йилги мавсумда Англия Премьер-лигасида 38 та ўйинда 52 очко тўплаб, 10-ўринни эгаллаган эди. «Вестерн Сидней Уондерерс» эса ўтган мавсум якунларига кўра Австралия А-лигаси гуруҳ босқичи жадвалида сўнгги (12-ўрин) поғонани банд этган.













