«Ливерпуль» бош директори Билли Ҳоган клубнинг молиявий ҳолати ҳақида фикр билдирди.
«Fenway Sports Group (FSG) клубни сотиб олганида, кўпчилик «Бостон Ред Сокс» ва «Ливерпуль» ўртасида ўхшашликлар ўтказган эди. Улардан бири маҳаллий ҳамжамият билан уйғунлашган, ўзига хос марказ яратиш ғояси эди. Ҳозир биз «Энфилд» атрофидаги инфратузилма ва транспорт имкониятларини янада яхшилашга эътибор қаратмоқдамиз, токи ўйин бўлмаган кунларда ҳам одамлар бу ерга келишсин. Биз стадионни кенгайтириш билан бирга, унинг руҳини сақлаб қолганимиз ва анъаналарга содиқ ҳолда замонавийлаштирганимиздан фахрланамиз.
Футболда ўйлаб ўтириш ёки дам олиш учун вақт бўлмайди. Мен энг кўп клубнинг ҳозирги мустаҳкам молиявий ҳолатидан фахрланаман. 2010 йилда «Ливерпуль» банкротлик ёқасига келиб қолган эди, бугун эса у мустаҳкам пойдеворга эга. Инфратузилма ривожланмоқда, «Энфилд»да узоқ йиллар қолиш имконияти яратилди. Сарлавҳаларга чиқмайдиган, аммо клуб барқарорлиги учун жуда муҳим бўлган ишлар амалга оширилмоқда.
Албатта, кўпроқ соврин ютишни хоҳлардим, аммо қўлга киритган ютуқларимиздан ҳам мамнунмиз. Мухлисларимиз унутилмас лаҳзаларни бошдан кечиришди. Мен Чемпионлар лигаси финаллари пайтидаги фан-зоналарни тез-тез эслайман. Айрим учрашувларда мағлуб бўлган бўлсак ҳам, қувонч, хотиралар ва футболдан олган завқ мен учун энг муҳим нарсалардир. «Ливерпуль» билан боғлиқ ҳар бир инсон ана шу жиҳатлар билан фахрланиши керак. Биз барчасини биргаликда амалга оширяпмиз ва бу клубни дунёдаги энг яхши клубга айлантиришни истаймиз», — деди Ҳоган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, «Ливерпуль» ўтган мавсум Англия Премьер-лигасида бешинчи ўринни эгаллаган эди. Мавсум якунланганидан сўнг нидерландиялик мутахассис Арне Слот жамоани тарк этди. Унинг ўрнига испаниялик мураббий Андони Ираола тайинланди.













