«Ливерпуль» «Пари Сен-Жермен» ҳимоячиси Илья Забарнийнинг трансфери бўйича дастлабки музокараларни ўтказди. Бу ҳақда X ижтимоий тармоғидаги DaveOCKOP инсайдерлик аккаунти хабар бермоқда.
Манбанинг хабарига кўра, мерсисайдликларнинг футболчига қизиқиш билдираётганидан хабар топган ҳимоячининг вакиллари «Ливерпуль» билан ўзлари боғланишган. Қайд этилишича, ҳозирча ўзаро келишувга эришилмаган, бироқ музокаралар давом этмоқда. Парижликлар Забарний учун 63 миллион евро тўлашгани ва шу сабабли шу ёзда уни арзонроқ нархда сотишга рози бўлишлари эҳтимолдан йироқ экани таъкидланмоқда.
Илья Забарний «ПСЖ» сафини 2025 йилнинг ёзида тўлдирган эди. У жамоа таркибида 37 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол урган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, 23 ёшли футболчининг бозор қиймати 40 миллион еврони ташкил этади. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ёзигача мўлжалланган.













