Кириш Регистрация

Азамат Абдураимов: «Шогирдларим характер кўрсата олишди»

Баҳо:
+ | -

Сўнгги сафар беллашувларида "Андижон" бир ғалаба ва мағлубиятни қайд этди. “Спартак” жамоаси билан бўлган ўйинда андижонликлар иродали ғалабага эришдилар. Ана шу ўйин тўғрисида жамоа бош мураббийи Азамат Абдураимов фикрларни билдирди.

— Албатта, сафарда уч очкони қўлга киритиш ҳар қандай мураббийни қониқтиради. “Спартак”ка қарши ўйиндан ҳар тарафлама қониқиш ҳосил қилдим. Шу куни шогирдларим чемпионлик характерини кўрсата олишди. Меҳмондаги ҳамма ўйинлар осон ўтмаяпти. Айниқса, бу биз учун жуда оғир сафар учрашувлари эди. “Машъал” билан баҳсда дуранг адолатли натижа бўларди. Лекин қўшимча дақиқада дарвозамиздан тўп ўтказиб юбориб аламли мағлубиятга учрадик. “Спартак” ҳам ўз уйида ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсатадиган жамоа эди. Бу жамоанинг ўйини менга ёқди. Биринчи бўлим тенг курашлар остида ўтди дейишим мумкин. Фақат тайм охирида Алишер Тўхтасинов жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнашга мажбур бўлди. Натижада футболчимизга қизил карточка кўрсатилди ва дарвозамиз томон пенальти белгиланди. Бу вазиятда ҳакам тўғри қарор қабул қилди деб ҳисоблайман. Албатта, майдонда бир ўйинчи кам бўлиб тўп суриш осон эмас. Шунга қарамай, йигитлар бундан тушкунликка тушишмади. Расул Раҳмонов ҳисобни тенглашишида катта ишни бажарди. Унинг зарбасидан сўнгн тўп рақиб ўйинчисига тегиб дарвозадан жой олди. Буни автогол эмас Раҳмоновни ҳисобига ёзса ҳам бўлаверади. Иккинчи голда эса Баҳром Абдураҳимов ўзини кўрсатди. Умуман олганда, шу куни майдонга тушган барча футболчилар яхши ўйин намойиш этишди. Майдонда бир киши кам бўлиб қолган бўлсак-да, иродали ғалабага эриша олдик.

— “Машъал” билан бўлган оғир ўйиндан кейин қисқа вақтда футболчиларни тиклаш қийин кечмадими?
— Албатта, осон бўлгани йўқ. Айниқса, сўнгги сонияларда тўп ўтказиб мағлубиятга учраш руҳий жиҳатдан ёмон таъсир қилади. “Машъал”га қарши ўйиндан кейин футболчилар билан гаплашиб уларнинг руҳиятини кўтаришга ҳаракат қилдим. Қолаверса, “Спартак” билан баҳсда таркибда ва тактикада айрим ўзгаришларни амалга оширдик. Энг муҳими, мағлубиятни унутиб кейинги учрашув ҳақида ўйлаш ва олдинга интилишда давом этиш кераклигини йигитларга уқтирдим. “Машъал” ва “Спартак”ка қарши ҳали ўз майдонимизда бўладиган ўйинлар турибди.

Манба: www.andijon-pfc.uz
Киритилди: 10:54, 18.09.2013.
Ўқилди: 4159 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.