Уругвай футбол ассоциацияси расмий сайтида Диего Форланнинг терма жамоага қайтганини эълон қилди. 47 ёшли уругвайлик мутахассис ҳам ёшлар, ҳам асосий миллий терма жамоанинг бош мураббийига айланади.
Форлан ушбу лавозимда Марсело Бьельсанинг ўрнини эгаллайди. Янги бош мураббийнинг илк тақдимот маросими душанба, 10 август куни бўлиб ўтади.
«Форлан ўзи ўчириб бўлмас из қолдирган масканга қайтмоқда. Ўрнак оларли тимсол, унутилмас авлод рамзи ҳамда 2010 йилги Жаҳон чемпионатининг энг яхши футболчиси энди мураббий сифатида ўз тажрибаси, етакчилик қобилияти ва халқаро футбол бўйича чуқур билимлари билан бўлишиш учун қайтмоқда», — дейилади расмий баёнотда.
Форланнинг мураббийлар штабидан Сантьяго Эспасандин ва Диего Перес (ёрдамчилар), Марко Мансулино (жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий), Игнасио Бордад (дарвозабонлар мураббийи) ҳамда Габриэль Скрилец (видеоаналитик) ўрин олади.
Унинг миллий терма жамоадаги илк синови сентябрь-октябрь ойларида, Уругвай ФИФА шафелигида ўртоқлик ўйинлари ўтказадиган пайтда бўлиб ўтади. Бу мамлакатнинг энг буюк афсоналаридан бири бошчилигидаги янги даврнинг бошланиши бўлади.
Жаҳон чемпионати-2026 турнирида Уругвай терма жамоаси гуруҳдан чиқа олмаган эди. Жамоа Саудия Арабистони (1:1) ва Кабо-Верде (2:2) билан дуранг ўйнаб, Испанияга (0:1) имкониятни бой берган ҳолда 2 очко жамғарган.













