Жанубий Корея футболида навбатдаги йирик можаро юзага чиқди. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, Жанубий Корея футбол ассоциацияси (КФА) 2011–2012 йилларда халқаро учрашувларда ишлаган айрим хорижлик ҳакамлар учун жинсий хизматлар ташкил этган бўлиши мумкин. Қайд этилишича, бундан мақсад ҳакамлар қарорларига таъсир ўтказиш бўлган.
ЖТБC телеканали маълумотига кўра, айбловлар Жанубий Корея Маданият, спорт ва туризм вазирлиги томонидан 2016 йилда тайёрланган махфий аудит ҳужжатларига асосланади. Ҳисоботда КФА мансабдорларининг хорижлик ҳакамлар учун “массаж хизматлари”ни ташкил этгани қайд этилган.
Собиқ КФА ходимларидан бири телеканалга берган интервьюсида ассоциация ҳакамларнинг “ўз фойдалари учун ҳуштак чалиши”ни истаганини айтган.
Yonhap агентлиги хабарига кўра, мазкур учрашувларда Япония, БАА, Эрон, Баҳрайн ва Ўзбекистон вакили бўлган ҳакамлар фаолият олиб борган. Бироқ ҳозирча айнан қайси ҳакамлар ноқонуний хизматлардан фойдалангани тасдиқланмаган.
КФА аллақачон бошқа тергов марказида
Айни пайтда КФА яна бир можаро юзасидан ҳам полиция текшируви остида. Гап Жанубий Кореянинг 2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсиз иштирокидан сўнг терма жамоа бош мураббийларини тайинлаш жараёнидаги эҳтимолий қонунбузарлик ва қариндош-уруғчилик ҳолатлари ҳақида бормоқда.
6 август куни полиция 2024 йил июль ойида Ҳонг Мёнг-Бонинг бош мураббий этиб тайинланиши юзасидан тергов доирасида КФА бош қароргоҳида тинтув ўтказди.
ЖТБC суриштируви ортидан КФА вакили қуйидагича изоҳ берди:
“15 йил аввал нохуш воқеалар бўлган бўлиши мумкин, аммо бугунги кунда биз ахлоқий меъёрларга қатъий амал қиламиз”.
Шунингдек, у ассоциация ҳужжатларни атиги беш йил давомида сақлашини, шу сабабли эски воқеаларни тасдиқлаш имконияти йўқлигини билдирган.
Аудитда нималар аниқланган?
ЖТБC маълумотига кўра, вазирликнинг 2016 йилдаги аудити давомида 2011 йил мартидан 2012 йил мартигача бўлган даврда КФА хорижлик ҳакамларни етти маротаба меҳмон қилгани ва бунда 20 нафар ҳакам иштирок этгани аниқланган.
Дастлаб аудит КФА мансабдорларининг корпоратив банк карталаридан шахсий харажатлар учун фойдаланган ёки йўқлигини текшириш мақсадида бошланган. Текширув давомида хорижлик ҳакамлар ушбу харажатлардан фойда кўргани аниқланган бўлса-да, вазирлик кейинчалик ишни қўшимча чоралар кўрмасдан ёпган.
Мазкур ҳолатлар орасида 2014-йилги Жаҳон чемпионати саралаши ҳамда 2012-йилги Лондон Олимпиадаси саралаш баҳслари ҳам бўлган.
Гангнамдаги массаж салонлари
Аудитга кўра, 2012 йил 29 февраль куни Сеулда бўлиб ўтган Жанубий Корея – Қувайт (2:0) учрашуви олдидан КФА корпоратив картаси орқали Гангнам туманидаги массаж салонида икки нафар ҳакам учун 500 минг вон тўланган.
Вазирлик ушбу тўлов жинсий хизматларни ҳам ўз ичига олган деган хулосага келган. Ўша даврда айрим массаж салонлари қўшимча ҳақ эвазига ноқонуний жинсий хизматлар кўрсатиши билан танилган эди.
КФА Ҳакамлар бўлимининг собиқ ходими, шахси “жаноб Б” сифатида яширилган манбанинг айтишича:
“Массаж нархига жинсий хизматлар ҳам кирган. Буни аввал хорижлик ҳакамларнинг ўзи сўраган”.
Юзи беркитилган ва овози ўзгартирилган ҳолда интервью берган собиқ ходим ҳакамлар узоқ парвозлардан кейин шикоят қилишини айтган.
“Улар: "Узоқ учдик, ўзимизни яхши ҳис қилмаяпмиз", дерди. Биз эса уларни рози қилишга ҳаракат қилардик. Ахир шундан кейин улар бизнинг фойдамизга ҳуштак чалиши мумкин эди”.
Бироқ ЖТБC ушбу хизматлардан айнан қайси ҳакамлар фойдалангани мустақил равишда тасдиқланмаганини қайд этган.
Яна икки ҳолат
Аудитда 2011 йил 22 сентябрь куни Жанубий Корея – Уммон учрашувидан сўнг Чангвон шаҳридаги массаж салонига 760 минг вон тўлангани ҳам қайд этилган. Вазирлик бу маблағ тўрт нафар ҳакам учун жинсий хизматлар ташкил этишга сарфланган деган хулосага келган.
Шунингдек, 2012 йил 14 март куни Жанубий Корея – Қатар (0:0) учрашуви вақтида Гангнамдаги яна бир массаж салонига 198 минг вон тўланган. Аудитда бу сафар ҳакамлар инспектори учун жинсий хизмат кўрсатилгани айтилади.
FIFA қоидаларига зид
Футбол этикаси бўйича мутахассисларга кўра, ҳакамларга таъсир ўтказишга уриниш FIFA интизом қоидаларининг энг оғир бузилишларидан бири саналади. Матч-фиксинг ва коррупция футболдаги энг жиддий ахлоқий қоидабузарликлар қаторига киради.
Жанубий кореялик футбол шарҳловчиси Парк Мун-Соннинг фикрича, мазкур можаро халқаро миқёсда катта резонанс келтириб чиқариши мумкин.
“Бу можаро халқаро баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳакамларга таъсир ўтказишга уриниш жуда оғир қоидабузарлик ҳисобланади”, дейди у.













