“Барселона” бош мураббийи Ҳанси Флик ярим ҳимоячи Марк Касадо ва вингер Руни Бардагжини “Удинезе” ва “Ноттингем Форест” иштирокидаги уч томонлама турнир учун таркибга киритмади.
Қайд этилишича, ҳар икки футболчига трансфер ойнаси ёпилгунига қадар янги жамоа топиш учун уч ҳафта вақт берилган. Бу қарор футболчиларнинг жароҳат олишининг олдини олиш ва режалаштирилган трансферларни хавф остига қўймаслик мақсадида қабул қилинган.
Касадонинг кетиши “Барселона” ярим ҳимоясидаги футболчилар сонининг кўпайиб кетгани сабаб заруратга айланган. Бунга “Манчестер Сити”дан Родрининг тез орада трансфер қилиниши ҳам сабаб бўлмоқда.
Аввалроқ Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби испаниялик футболчи учун тахминан 40 миллион евро таклиф қилганди. Бироқ ҳозир Касадо учун фақат Европа чемпионатларидаги вариантлар устувор ҳисобланмоқда.
“Барселона”нинг қанот ҳужумчилари позицияси тўлиқ шакллантирилган. Ламин Ямал ва Рафиньядан ташқари, клуб жорий ёзда Энтони Гордон ва Жесси Бисивуни ҳам таркибига қўшди.
Шу сабабли ёш швециялик вингер мураббийлар штаби томонидан ортиқча футболчи сифатида кўрилмоқда. “Барселона” унинг трансферидан 15 миллион евродан кўпроқ даромад олишни режалаштирмоқда.
Касадо ва Бардагжининг кетиши, шунингдек, Ферран Торреснинг “ПСЖ”га ва Роналд Араухонинг “Ливерпуль”га трансферлари “Барселона”га аввалроқ харид қилинган Гордон, Бисиву ва Карим Адеемини молиявий фейр-плей талабларига мувофиқ рўйхатдан ўтказиш имконини беради.
Шунингдек, “Барселона” Родри, Жоау Канселу, Хулиан Алварес ва ҳимоячи Аймерик Ляпортнинг расмий трансферлари устида ҳам жиддий иш олиб бормоқда.













