Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши кечадиган баҳс олдидан бўлажак рақиби ва ўйинга кўраётган тайёргарлиги ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Даъвогарлар турнири ғолибининг таъкидлашича, Гукеш айни пайтда жуда яхши ўйнамоқда, бироқ унинг ўйинида ўзига хос камчиликлар ҳам йўқ эмас.
“Фикримча, Гукеш баъзида устунликка эришган ёки ҳатто ютуқли вазиятларда ҳам хотиржамликни йўқотиб қўяди. Бунинг сабаби нимада эканини билмайман, бироқ партияларини кузатсангиз, унинг чиндан ҳам кучли ўйин намойиш этаётганини кўрасиз. Шундай бўлса-да, мен унинг хатоларига таяниб қолмоқчи эмасман. Гукеш ўта кучли шахматчи эканини ўзаро ўйинларимиз орқали яхши биламан. Шу боис муносиб тайёргарлик кўряпман ва у Жаҳон чемпионати баҳсларига энг юқори формасида етиб келади, деб ҳисоблайман”, дейди Синдоров.
Маълумот учун, Жаҳон тожи учун кечадиган баҳслар жорий йилнинг 25-ноябридан 15-декабрига қадар Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтади. Мусобақанинг мукофот жамғармаси 2,5 миллион долларни, тадбирнинг умумий бюджети эса 8,5 миллион долларни ташкил этади. Регламентга кўра, ғолибни аниқлаш учун жами 14 та партия ўйналади ва чемпионлик учун шахматчилардан 7,5 очко жамғариш талаб этилади. Агар томонлардан бири бу натижага белгиланган ўйинлардан эртароқ эришса, баҳс муддатидан олдин якунланади. Асосий ўйинлар 7:7 ҳисобидаги дуранг билан тугаса, чемпион номи тай-брейкда аниқлаб олинади.













