Хави Нидерландия терма жамоасининг янги бош мураббийига айланди. Испаниялик мутахассис тайинловдан сўнг илк фикрларини билдирди.
"Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи бўлиш мен учун улкан шараф. "Барселона" академиясида футбол таълимини олган ва Йохан Кройф ҳамда Ринус Михелс каби инсонларнинг кучли таъсирини ҳис қилган киши сифатида Нидерландия футболи билан алоҳида боғлиқликни ҳис қиламан. Айтиш мумкинки, қайсидир маънода мен Нидерландия футболининг фарзандиман", — деди Хави.
Испаниялик мутахассис футболчилик фаолияти давомида бирга ишлаган Луи ван Гал ва Франк Райкард каби мураббийлар ҳам унинг қарашларига катта таъсир кўрсатганини таъкидлади.
Хави, шунингдек, Нидерландия терма жамоасининг имкониятлари ва қандай футбол намойиш этишни хоҳлаши ҳақида гапирди.
"Нидерландия бой футбол маданияти ва аниқ қарашларга эга. Бу менга жуда яқин: тўп назоратига асосланган ҳужумкор футбол, ижодкорлик, иштиёқ ва ўзига ишонч.
Албатта, асосий мақсад доимо ғалаба қозониш. Аммо мен ана шу хусусиятларни майдонда намоён этган ҳолда ғалаба қозонишни ва одамлар бундай футболдан завқ олишини истайман. Бунинг учун салоҳият бор. Бизда келажакни қуриш учун яхши пойдевор мавжуд", — деди Хави.
Хавининг Нидерландия терма жамоаси билан шартномаси 2030 йилги жаҳон чемпионати якунига қадар амал қилади.













