Эроннинг “Сепаҳон” клуби ўзбекистонлик футболчи Жалолиддин Машариповнинг рўйхатдан ўтказилиши ва ўтган мавсумдаги ўзаро учрашувда майдонга туширилгани юзасидан “Истиқлол” жамоаси устидан шикоят тайёрламоқда. Футболи нашри хабарига кўра, “Сепаҳон” раҳбарияти дастлаб бу масалани Эрон футбол федерациясининг Интизом қўмитаси орқали ҳал қилишни кўзлаган. Агар клуб маҳаллий қўмитадан ўзини қониқтирадиган жавобни ололмаса, иш халқаро спорт ташкилотларга оширилиши мумкин.
Клубнинг эътирози асосан икки жиддий масалага бориб тақалади. Биринчидан, “Истиқлол” Машариповни ФИФА томонидан клубга янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш тақиқланган бир даврда қайдномага киритган. Иккинчидан, футболчи мавсум бошида “Истиқлол” қайдномасидан чиқарилганига (амалдаги шартномаси сақланиб қолган ҳолда) қарамай, қишки трансфер ойнаси расман очилишидан олдин яна жамоа рўйхатига киритиб қўйилган. “Сепаҳон” вакилларининг таъкидлашича, Машариповнинг вазияти трансфер ойнаси ёпиқ пайтда футболчини қайта рўйхатдан ўтказишга рухсат берувчи махсус ҳолатларга тўғри келмайди ва улар бу жараён ФИФА'нинг қайси қоидаларига асосланиб амалга оширилганига ойдинлик киритишни талаб қилмоқда.
Агар ушбу шикоят ўринли деб топилса ва “Истиқлол” қоидабузарликка йўл қўйгани тасдиқланса, ўзбекистонлик футболчининг ўзаро учрашувда майдонга тушгани қонуний жиҳатдан қайта баҳоланади. Натижада ўйин ҳисоби бекор қилиниб, бунинг ортидан Эрон чемпионатидаги умумий турнир жадвалига жиддий ўзгаришлар киритилиши эҳтимоли мавжуд. Манбанинг таъкидлашича, “Сепаҳон” раҳбариятининг мазкур масалани айнан ҳозир кўтариб чиқаётгани ўтган мавсум ғолибини эълон қилиш ва унга чемпионлик кубогини топшириш жараёни яқинлашгани билан бевосита боғлиқ.













