Океания футбол конфедерацияси (OFC) ФИФАнинг сўнгги ҳаракатлари юзасидан расмий баёнот берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ФИФА турнир ҳуқуқларини сотиш бўйича FIFA Forward Enterprise (FFE) номли янги тижорат тузилмасини ташкил этишни режалаштираётгани маълум бўлган эди. Бироқ футбол конфедерациялари томонидан билдирилган танқидлар ва УЕФАга аъзо мамлакатлар томонидан Жаҳон чемпионатига бойкот эълон қилиш таҳдиди фонида ташкилот президенти Жанни Инфантино ушбу ғоядан воз кечишга қарор қилди.
Бугун Океаниянинг энг йирик аъзоси бўлмиш Янги Зеландия Жанни Инфантинонинг ФИФА президентлигига номзодини қўллаб-қувватлашни бекор қилгани ҳақида хабар берилган эди.
«12 август куни бўлиб ўтган йиғилиш якунларига кўра, Океания футбол конфедерацияси (OFC) Ижроия қўмитаси ФИФАнинг Forward Enterprise (FFE) бўйича таклифи билан боғлиқ сўнгги воқеаларни кўриб чиқди.
OFC Ижроия қўмитаси ФИФАнинг FFE таклифини қайтариб олиш қарорини ва лойиҳа билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиш мажбуриятини олқишлайди.
OFC сўнгги ўн йилликда ФИФА раҳбарлиги остида Океанияда футболни ривожлантиришда эришилган ютуқларни тан олади ва ФИФАни ушбу қайта кўриб чиқиш жараёнидан керакли ўзгаришларни аниқлаш ҳамда жорий этиш имконияти сифатида фойдаланишга чақиради.
Муносиб бошқарув, шаффофлик ва ўрнатилган институционал жараёнларга ҳурмат билан ёндашиш футболни самарали бошқариш ва барқарор ривожлантиришнинг асоси ҳисобланади. Бу тамойиллар ўйиннинг ҳар бир даражасида зарурдир ва футболга алоқадор барча томонлар томонидан изчил равишда унга амал қилиниши керак.
Футболни ривожлантириш OFC учун устувор вазифа бўлиб қолаверади. Конфедерация ўйинни мустаҳкамлайдиган ҳамда Океания ва бутун дунёда футболни ривожлантириш учун мазмунли, барқарор имкониятлар яратадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этади.
Ушбу руҳга амал қилган ҳолда, OFC ўз таркибидаги ассоциациялар, ФИФА, бошқа конфедерациялар ва футболнинг барча манфаатдор томонлари билан конструктив мулоқот ҳамда яқин ҳамкорликка содиқ қолади ва дунёнинг барча бурчакларида футболнинг кейинги равнақини таъминлайди», — дейилади ташкилот баёнотида.













