Италиянинг «Милан» клуби Бельгия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Диегу Морейрани Франциянинг «Страсбург» клубидан трансфер қилганини расман маълум қилди.
24 ёшли футболчи янги жамоаси билан 2031 йил ёзига қадар мўлжалланган шартнома имзолади. Морейра «Милан»да 22-рақамда тўп суради.
Диегу Морейра 2004 йил 6 август куни Льеж шаҳрида туғилган. У футболчилик фаолиятини «Стандард» ва «Бенфика» академияларида олиб борган. Лиссабон клуби таркибида Морейра ёшлар даражасида ўзини кўрсатиб, 2021/22 йилги мавсумда 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги УЕФА Ёшлар лигасида ғолиб чиққан. Орадан бир неча ой ўтиб, 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги Қитъалараро кубокда ҳам чемпион бўлган.
2022/23 йилги мавсумда у «Бенфика»нинг асосий жамоаси сафида Чемпионлар лигаси саралаш босқичида дебют қилган.
2023 йил ёзида Морейра «Челси»га кўчиб ўтган ва 30 август куни Англия Лига кубогида «Уимблдон»га қарши учрашувда лондонликлар асосий жамоаси сафида илк бор майдонга тушган.
2023/24 йилги мавсумда у «Лион»да ижара асосида тўп сурган. 2024 йил ёзида эса «Страсбург» футболчисига айланган. Элзас клубида Морейра тезлиги, техник маҳорати ва тактик жиҳатдан универсаллиги билан Франция футболидаги энг иқтидорли ёш футболчилардан бири сифатида ўзини намоён қилди.
Терма жамоалар даражасида Морейра Португалиянинг 21 ёшгача бўлган терма жамоасига қадар барча ёш тоифаларида ўйнаган. Жумладан, 2023 йилги ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида иштирок этган.
2025 йилдан буён эса Морейра Бельгия миллий терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида терма жамоа сафида дебют қилган ва кейинчалик финал босқичида ҳам иштирок этган.
Морейра ўтган мавсумда «Страсбург» сафида барча турнирларда 42 та учрашув ўтказиб, 5 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди.
Шу тариқа, «Милан» 22 ёшли футболчи билан шартнома имзолаб, ярим ҳимоя чизиғини кучайтирди.













