«Торино» «Фиорентина»нинг чап қанот ҳимоячиси Никколо Фортини трансфери бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо хабар берди. Бошқа манбалар ҳам футболчининг «Торино»ни танлаганини тасдиқламоқда.
Клублар ўртасидаги навбатдаги музокаралардан сўнг янги келишувга эришилган. 20 ёшли италиялик ҳимоячига Англия клублари, хусусан «Халл Сити» ҳам қизиқиш билдирган, аммо футболчи фаолиятини Туринда давом эттиришни маъқул кўрган.
Фортини «Торино» сафига ижара асосида қўшилади. Келишувда футболчини кейинчалик тўлиқ сотиб олиш ҳуқуқи ҳам кўзда тутилган. «Фиорентина» трансферни амалга оширишга розилик берган.
Энди томонлар трансфер билан боғлиқ зарур расмиятчиликларни якунлаши керак. Шундан сўнг Фортинининг «Торино»га ўтиши расман эълон қилиниши кутилмоқда.
Ўтган мавсумда Фортини «Фиорентина» сафида барча мусобақалар доирасида 26 та учрашувда майдонга тушди.













