17 ёшли Андрия Бартишвили фаолиятини Лондоннинг «Арсенал» клубида давом эттириши мумкин.
Иқтидорли ҳужумкор ярим ҳимоячи ҳозирда ижара асосида Грузиянинг «Иберия 1999» клубида тўп сурмоқда, унинг трансфер ҳуқуқи эса «Колхети»га тегишли. Футболчининг амалдаги шартномаси жорий йилнинг охирида ўз ниҳоясига етади. BBC хабарига кўра, «канонирлар» Бартишвилига дастлабки шартнома таклиф қилишган. Ёш футболчи тўп билан муомала қилиш услуби ўхшашлиги сабабли юлдузли ҳамюрти Хвича Кварацхелияга қиёсланмоқда.
Андрия Бартишвилига Европанинг бошқа гранд клублари, жумладан, «Ливерпуль» ва «Ювентус» ҳам қизиқиш билдирмоқда. Жорий йилнинг март ойида «янги Кварацхелия» Грузия ёшлар терма жамоасида (U-21) дебют қилди, унга қадар эса 19 ёшгача бўлган терма жамоа сафида 5 та ўйинда 2 та гол уришга эришган эди.













